Туркия: парламент бошқарувидан президентлик тизими сари

21 январь куни Туркия парламенти – Буюк Миллат Мажлиси депутатлари мамлакат Конституциясига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Мамлакатда президентлик бошқарувини жорий этишни кўзда тутган лойиҳани 488 депутатдан 339 нафари ёқлаган.

“Парламент аъзоларига ташаккур! Қолгани халқнинг изн-ихтиёрида!” – дея овоз бериш натижаларидан мамнунлигини билдирган мазкур қонун лойиҳасининг асосий тарафдорлари бири, Туркия Бош вазири  Бинали Йилдирим.

Амалдаги тартибга кўра, парламент томонидан маъқулланган қонун давлат раҳбари тасдиғидан ўтиши лозим. Конституциявий ислоҳотларга қаратилган қонун лойиҳасини Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон яқин кунларда имзолаши кутилмоқда. Расмий ҳужжат матбуотда эълон қилинганидан 60 кун ўтиб умумхалқ муҳокамаси – референдумга қўйилади. Халқнинг кўпчилик қисми қўллаб-қувватласа, Туркия 2019 йилдаёқ президентлик тизимига ўтиши мумкин.

18-моддадан иборат конституциявий қонун Туркия Президенти ваколатларини кенгайтириш ва унинг мақомини кўтаришни кўзда тутади. Бунга кўра, Президент фармонлар қабул қилиш, вазирларни тайинлаш ва бўшатиш ваколатига эга бўлади. Амалдаги Бош вазир лавозими эса бекор қилинади. Бундан ташқари, қонун Қуролли кучлар ва махсус хизматларнинг бевосита Президентга бўйсунишини назарда тутади.

Янги ўзгаришларга кўра, давлат раҳбари бирор партияда аъзо бўлиб қолиши мумкин (амалдаги қонунчилик Президентнинг бирор партияга мансублигини истисно этади). Мамлакат етакчиси беш йилдан икки ваколат муддатига сайланиш ҳуқуқи эга бўлади.

Сирасини айтганда, ҳокимиятдаги Адолат ва тараққиёт партияси таклиф этаётган Конституциявий ўзгаришлар Туркиянинг парламент бошқарувидан президентлик тизимига ўтишини англатади.

Шунингдек, янги лойиҳага мувофиқ, Туркия Буюк Миллат Мажлиси депутатлигига сайланишга оид ёш чегараси 25 ёшдан 18 ёшга туширилади, парламент аъзолари сони эса 550 нафардан 600 нафарга оширилади.

Ражаб Тоййиб Эрдўғон: “Президентлик бошқаруви Туркияни буюк мамлакатга айлантиради

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон кўпдан буён амалдаги парламент бошқаруви ўзини оқламаётгани, бугунги қалтис шароитда энг мақбул ечим президентлик тизимига ўтиш эканини таъкидлаб келмоқда. Туркиянинг амалдаги етакчиси президентлик бошқаруви мамлакат тараққиётини янада жадаллаштириб, бошқарув самарадорлигини оширади, деб ҳисоблайди.

“Анъаналаримиздан улги олиб, Туркия учун мақбул президентлик тизимини  амалга киритиш вақти келди. Бу мамлакатимизнинг янада жадал тараққиётига хизмат қилади”, – дейди Ражаб Тоййиб Эрдўғон Қатарнинг “Ал-Жазира” телеканали орқали чиқишида.

Айни пайтда мухолиф партиялар Конституцияга ўзгартириш киритиш лойиҳасини танқид қилиб, Эрдўғонни бутун ҳокимиятни ўз қўлига олишга уринишда айбламоқда.

Ражаб Тоййиб Эрдўғон мазкур айбловларни рад этиб, мамлакатда барча эмин-эркин яшаётгани, ноқонуний чекловлар йўқлигини қайд этади.

“(Туркияда) барча ўз фикрини эркин ифодаламоқда, ўзи истаганча ҳаёт кечирмоқда, истаганча кийинмоқда, хоҳлаганини тановул қилмоқда. Биз ҳеч қандай чекловлар жорий этаётганимиз йўқ”, – дейди давлат раҳбари.

Эрдўғоннинг таъкидлашича, янги Конституция ва президентлик бошқаруви давр талаби саналади ва бу тизим бутун халқ манфаатларига хизмат қилади. Пировардида эса президентлик бошқаруви Туркияни қудратли мамлакатга айлантиради.

Айтиш жоизки, янги Конституциявий лойиҳа Туркия бошқарув тизими учун буткул янгилик эмас. Негаки, сўнгги йилларда мамлакат сиёсий тизимида бир қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Хусусан, 2014 йилда Туркия тарихида илк бор Президент одатдагидек парламент томонидан эмас, балки бевосита халқ томонидан сайланди. Конституциявий қонун лойиҳаси халқнинг кўпчилик қисми томонидан маъқулланса, Туркия бошқарувида янги саҳифа очилиши аниқ.

Собир Салим