Туркия жаз санъати вакиллари Ўзбекистонда концерт беради. Мазкур ижодий сафар Ўзбекистонда жорий йил апрелда ЮНЕСКО шафелигида ўтказилаётган халқаро жаз фестивали доирасида ташкил этилмоқда.
Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Маданият ва сайёҳлик бўлими хабарига кўра, жаз фестивалига беш нафар турк cанъаткори келиши кутилмоқда.
“Аҳмет Беркер (фортепианочи), Аҳмет Элмас (саксофончи), Жан Сомел (хонанда), Бюлент Гёкхан Сомел (контрабасчи) ҳамда Серкан Алагёк (ударник чолғучиси) мусиқа бўйича академик таълим олган тажрибали санъаткорлар саналади. Уларнинг айримлари симфоник оркестр созандаси бўлса, айримлари олий ўқув юртида сабоқ беради. Бу санъаткорларни жаз жанрига бўлган кучли ихлосу муҳаббат ҳамда мазкур йўналишдаги кўп йиллик тажриба бирлаштириб туради”, – дейди Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Маданият ва сайёҳлик бўлими ходимаси Саодат Файзиева.
Қайд этилишича, Туркия жаз санъати вакиллари 26-27 апрель кунлари Тошкентда ижодий дастурларни тақдим этади. Гастрол давомида турк санъаткорлари иштирокида маҳорат машғулотлари ўтказилиши ҳам режалаштирилган.
Осиё ва Европани боғловчи кўприк саналган Туркияда кейинги йилларда жаз санъатининг жадал равнақ топаётганини кузатиш мумкин.
Мамлакатда ўтган асрнинг 30-йилларида дастлабки профессионал жаз оркестрлари ташкил этилган. 1940-йиллардан ушбу санъатга бағишланган махсус радиоэшиттиришлар эфирга узатила бошлаган. Хорижлик машҳур жаз усталари таъсирида турк ёшлари орасидан ҳам жаз санъат намояндалари етишиб чиққан.
Шу тариқа Туркияда жазнинг Шарқу Ғарб оҳангларини уйғунлаштирган ўзига хос йўналиши шаклланди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, турк жаз усталари шунчаки нусхакаш бўлиб қолмай, миллий оҳанглар ҳамда фольклор анъаналарини замонавий жазга маҳорат билан вобаста эта олди.
Айни пайтда Туркия минтақадаги жаз марказларидан бири бўлиб қолмоқда. Мамлакатнинг Истанбул, Анқара, Измир, Анталия каби йирик шаҳарларида ҳар йили жаз фестиваллари уюштириш анъанага айланган. Европанинг “Нью-Йорки” деб эътироф этилган Истанбул ҳар йили июль ойида, Измир шаҳри эса март ойида халқаро жаз фестивалига мезбонлик қилади.
Масалан, 2015 йили 22-бора ўтказилган Истанбул жаз фестивалида дунёнинг машҳур санъаткорлари жам бўлган. Ўшанда турк жаз санъати фахрийси – пианиночи ва бастакор Эмин Финдикўғлининг дастури юқори баҳоланган.
Дарвоқе, 2013 йили режиссёр Боту Оқёл суратга олган “Туркияда жаз” ҳужжатли фильмида мазкур санъат йўналишининг вужудга келиши ва шаклланиши ҳақида ҳикоя қилинади.
Собир Салим