Туркия гуманитар ёрдам бўйича дунёда пешқадам

Туркия гуманитар ёрдам кўрсаткичи бўйича 2018 йилда ҳам дунёдаги етакчи давлат сифатида қайд этилди. “Глобал гуманитар ёрдам–2018” ҳисоботида Туркия дунёнинг энг саховатпеша давлати деб эътироф этилган.

Қароргоҳи Буюк Британияда жойлашган Тараққиёт ташаббуси (Development Inıtiatives) ташкилотига кўра, гуманитар мақсадларда сарфланган маблағ мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 0,85 фоизини ташкил этади.

“Туркия дунёдаги энг бой мамлакат эмасдир, аммо у энг қўли очиқ мамлакат экани аниқ”, деган Туркия Қизил ярим ой жамияти раиси Керем Киник.

Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) Мьянмадан Сомалига қадар, Косоводан Фаластинга қадар, Ироқдан Афғонистонга қадар, Украинадан Мадагаскарга қадар – Европа, Осиё ва Африка қитъаларида ҳамкорлик ва техникавий ёрдам фаолиятини амалга ошириб, миллионлаб инсонлар корига ярамоқда. Агентлик Туркия байроғи остида сайёрамизнинг 140га яқин мамлакатида ҳар йили ўртача 2000 та лойиҳани амалга оширади.

Масалан, Суданда давом этаётган инсоний буҳронни енгиллатиш, Сомалидаги қурғоқчиликни бартараф этиш, Ливия тиббиёт тизимини ислоҳ этиш, Яманда вабо офатига қарши кураш, Мьянманинг Аракан музофотида юзага келган инқирозни ҳал этиш, хусусан, роҳинжа мусулмонларига кўмак кўрсатиш, Фаластин халқига ёрдам бериш каби хайрли ишларга Туркия бош-қош бўлган.

Айни чоқда, Туркия ҳукумати ҳузуридаги Фавқулодда ҳолатлар оқибатларини бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш бошқармаси (AFAD) дунёнинг 60га яқин давлатида гуманитар ҳамда қидирув-қутқарув операцияларини амалга оширмоқда.

Янги асрда дунё ҳамжамияти урушлар, қуролли тўқнашувлар ва этник низолар туфайли мисли кўрилмаган қочқинлар муаммосига дуч келди. Таҳлилчилар мазкур жараённи Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг йирик аҳоли кўчиши дея баҳоламоқда.

Туркия бу борада ҳам дунёда етакчи ўринда турибди. Маълумотларга қараганда, айни пайтда турк заминида 4 миллиондан ошиқ қочқин паноҳ топган.

“Биз қочқинларни ажратиб қўймаймиз, бизнинг уйларимиз қочқинларники билан девордармиён жойлашган, фарзандларимиз ҳам айни мактабларда ўқишади. Сирасини айтганда, зулм чеккан инсонлар учун Туркия эрк рамзига айланди”, деган Туркия Қизил ярим ой жамияти раиси Керем Киник.

Айни вақтда Туркия мактабларида 600 мингдан зиёд суриялик қочқин болалар таҳсил олмоқда.

БМТнинг гуманитар масалалар бўйича Олий комиссари матбуот котиби Йенс Лерке қочқинларга ғамхўрлик борасида Туркия бошқа мамлакатларга намуна бўлаётганини таъкидлаган.

Олий комиссарнинг Сурияга кўмак кўрсатиш бўйича идораси ҳам Туркиянинг Газиантеп шаҳрида фаолият юритмоқда.

БМТнинг гуманитар масалалар бўйича Олий комиссари матбуот котиби Сурия, Ироқ, Афғонистон ва бошқа ўлкалардан бош олиб кетган миллионлаб қочқинларни ўз бағрига олгани учун расмий Анқарага ташаккур изҳор қилган.

БМТ ҳисоб-китобига кўра, ҳозирга қадар Туркия томонидан қочқинларга ёрдам мақсадида сарфланган маблағ миқдори 37 миллиард доллардан ошади.

Туркия 2017 йилда ҳам гуманитар ёрдам кўрсаткичи бўйича сайёрамизда биринчи мамлакат дея эътироф этилган эди. 2017 йил натижаларига кўра, Туркия – 8,07 миллиард, АҚШ – 6,68 миллиард, Германия – 2,99 миллиард, Буюк Британия – 2,52 миллиард ҳамда Европа Иттифоқи 2,24 миллиард доллар миқдорида гуманитар ёрдам кўрсатган.

С.Салим