Туркияда яқин фурсатда фазовий тадқиқотлар бўйича миллий агентлик ташкил этилади. Мазкур масала бугун Туркия сиёсий доиралари ва илм-фан аҳли орасида кенг муҳокама қилинмоқда.
Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон фазовий тадқиқотларни ривожлантириш муҳим вазифа эканини кўпдан бери таъкидлаб келади. Мамлакат етакчиси бу борадаги изланишлар кучайтирилиши, вақти келиб фазога турк астронавти учирилиши ҳақида ҳам гапирган.
Аслида, Туркияда фазовий тадқиқотлар агентлигини ташкил этиш ташаббуси анча йил илгари пайдо бўлган. Аммо турли сабабларга кўра бу ташаббус охирига етмаётган эди.
Иқтидордаги “Адолат ва тараққиёт” партияси ишлаб чиққан қонун лойиҳасига кўра, янги агентлик АҚШ, Германия, Франция, Япония каби мутараққий мамлакатлар тажрибасини уйғунлаштирган ҳолда, фазовий соҳадаги лойиҳаларни мувофиқлаштириш, илғор аэрокосмик тизимларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш билан шуғулланади. Келажакда эса мамлакатда космонавтлар тайёрлаш маркази, илмий тадқиқот лабораториялари ҳамда бошқа тузималарни ўз ичига олган фазовий шаҳарчага асос солинади.
Хўш, фазовий тадқиқотлар агентлиги ҳозирги шароитда Туркия учун қанчалар муҳим?
Янги агентлик фазони тадқиқ этиш борасида мамлакатга улкан имкониятлар эшигини очади. Аввало, Туркия фазовий тадқиқотлар бўйича алоҳида бошқарув идорасига эга саноқли давлатлардан бирига айланади. Фазони илмий ўрганиш жуда катта маблағ талаб этгани боис дунёнинг саноқли мамлакатигина бу бўйича алоҳида тузилмага эга.
Қолаверса, мамлакат мустақил равишда сунъий йўлдошлар ишлаб чиқариш ва учириш ҳамда экспорт қилиш имконига эга бўлади.
Туркия биринчи сунъий йўлдошини 1994 йилда учирган. 1996 ва 2001 йилларда Европанинг “Airbus” консорциуми кўмагида орбитага яна иккита сунъий йўлдош чиқарилган. Кейинроқ яна учта ҳарбий ва кузатув сунъий йўлдошлари учирилган. Шу тариқа кейинги чорак аср ичида мамлакат ўнга яқин сунъий йўлдош учирди. Аммо уларнинг барчаси ҳамкор давлатларга тегишли космодромлар орқали орбитага чиқарилган.
Фазовий тадқиқотлар агентлиги ташкил этилиши билан Туркия ўз космодромига эга давлатлар сафига кириши ҳамда сунъий йўлдошларни мустақил ишлаб чиқариб, учириши мумкин бўлади. 2016 йил ҳолатига кўра, орбитада 50 та давлатнинг сунъий йўлдоши бор. Аммо улардан фақат ўнга яқин давлат ўз космодромига эга.
2018-2019 йилларда, шунингдек, Türksat 5A ва Türksat 5B сунъий йўлдошларини учириш режалаштирилган. Туркия Республикаси эълон қилинганининг 100 йиллиги – 2023 йилда сунъий йўлдошлар сонини янада ошириш белгиланган.
Бундан ташқари, Туркия фазовий тадқиқотлар соҳасида маҳаллийлаштириш дастурини амалга оширмоқчи, яъни бу борада хорижий давлатларга тобеликни камайтирмоқчи. Давлатга қарашли Türksat сунъий йўлдош оператори маълумотига қараганда, Türksat-5А йўлдошининг 25 фоизи маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тегишли бўлса, 2020 йилда учириладиган Türksat-6А тўлиқ миллий маҳсулот бўлиши кўзда тутилган.
Фазовий тадқиқотлар агентлиги, қолаверса, миллий хавфсизлик, мудофаа каби стратегик соҳаларни янада такомиллаштириш, дунё илм-фанига янги кашфиётлар туҳфа этишга хизмат қилади. Сирасини айтганда, янги агентлик NASA (АҚШ), ESA (Европа) каби илғор тузилмага айланиши кутилмоқда.
Туркия кейинги йилларда йирик ислоҳотларни амалга ошириб, 2023 йилга мўлжалланган стратегик мақсад сари интилмоқда. Фазовий тадқиқотлар агентлигининг очилиши эса бу йўлдаги навбатдаги дадил қадам саналади. Янги тузилма фазовий технологиялар ёрдамида тараққиёт ва хавфсизликни таъмин этиш, янги табиий бойликларни топиб, аҳоли фаровонлигини оширишга ҳам хизмат қилади.
Боя таъкидланганидек, Туркия раҳбарияти биринчи турк фазогирининг парвози устида ҳам бош қотирмоқда. Маълумотларга қараганда, Туркия космонавт тайёрлаш бўйича Япония, Россия ва АҚШ мамлакатлари таклифларини ўрганмоқда. Масалан, Япония томони битта космонавтни тўлақонли тайёрлаш учун 25 миллион доллар кераклиги маълум қилган. Музокаралар ижобий натижа берса, орзулар рўёбга чиқиб, биринчи турк фазогири парвози амалга ошиши мумкин.
Расмий Анқара соҳа бўйича халқаро ҳамкорликни янада кучайтиришга интилмоқда. Масалан, ўтган йили Япония билан фазовий технологиялар соҳасида шартнома имзолади. Бунга кўра, Япония бир неча йил давомида Туркияда фазовий технологиялар инфраструктурасини бунёд этишда кўмаклашади.
2017 йил ноябрда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон Американинг дунёга машҳур “Space X” компанияси асосчиси Илон Маскни қабул қилди. Мазкур учрашувда ҳам кўплаб долзарб мавзулар қаторида фазовий тадқиқотлар масаласи муҳокама этилган.
Туркия кейинги йилларда иқтисодий жабҳада катта ютуқларга эришди. Мамлакатнинг дунё майдонида ва геосиёсатда ўрни янада ошди. Расмий Анқара бугун минтақавий ва глобал муаммоларни ҳал этишда фаол қатнашмоқда. Бу жиҳатдан, фазовий тадқиқотлар бўйича миллий агентликнинг ташкил этилиши мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга қарордир. Негаки, миллий агентликнинг ташкил этилиши мамлакатнинг глобал нуфузини янада мустаҳкамлайди.
1957 йил 4 октябрда Совет Иттифоқи илк бор “Спутник-1” деб номлаган Ер сунъий йўлдошини учирган эди. Орадан кўп ўтмай, 1958 йил 31 январда АҚШ “Юпитер-С” сунъий йўлдошини орбитага чиқарди. Шу тариқа дунёнинг пешқадам давлатлари ўртасида фазони “забт этиш” бўйича кимўзар мусобақа бошланди. Ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий муаммоларни босқичма-босқич ҳал этган Туркия ҳам вақти-соати келиб пешқадамлар баҳсига дадил қўшилмоқда.
Собир Салим