Туркия элчиси Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси билан учрашди

Жорий йил май ойи охирида Туркия Туризм ва маданият вазири Наби Авжи Ўзбекистонга келади. Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Анвар Шаропов ҳамда Туркиянинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен учрашувида мазкур ташрифга оид масалалар муҳокама этилган.

Туркия Туризм ва маданият вазирига бир қатор сармоя компаниялари ва туристик фирма вакиллари ҳамроҳлик қилади.

Давлат қўмитаси раиси А.Шаропов Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар борасида маълумот берган. Томонлар сайёҳлик алмашуви бўйича ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилган.

Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Анвар Шаропов ҳамда Туркиянинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен

Ўзбекистон ва Туркия муносабатларида янги саҳифа очилган бир паллада туризм ҳамкорликнинг истиқболли йўналиши бўлиб қолмоқда.

Туркия сайёҳлик борасида улкан тажрибага эга. Мамлакат жаҳон туризм бозоридаги ўрнини янада мустаҳкамламоқда. Маданият ва туризм вазирлиги маълумотига қараганда, 2016 йилнинг 11 ойида Туркияга 24 миллиондан ошиқ сайёҳ келган. Демак, бу кўрсаткич 2015 йилдагидан 30,8 фоизга ошган. Жаҳонда эса Туркия сайёҳларни жалб этиш бўйича Франция, АҚШ, Испания, Хитой ва Италиядан кейин олтинчи ўринда бормоқда. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон режасига кўра, Туркия яқин муддатда бу борада сайёрамизнинг учинчи давлати бўлиши лозим.

Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам туризмни ривожлантириш бўйича улкан салоҳиятга эга. Бу борада эса Туркия тажрибаси қўл келиши мумкин.

Айтиш жоизки, Туркия раҳбарияти ҳам Ўзбекистоннинг туризм бўйича имкониятларини юқори баҳолайди. Жумладан, Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон 2016 йил декабрда Йилдирим Боязид университети талабалари билан учрашувда туркиялик талабаларнинг Бухоро ва Самарқандга саёҳатини уюштиришни таклиф этган эди.

2016 йил 18 ноябрь куни Самарқандда бўлган Ражаб Тоййиб Эрдўғон Имом Бухорий, Имом Мотуридий мақбаралари, Гўри Мир қадамжоси, Мирзо Улуғбек, Шердор, Тиллакори мадрасаларини зиёрат қилган эди. Ушбу сафардан мутаассир бўлган давлат раҳбари Бухорони Бурсадан, Самарқандни Кўнё ва Истанбулдан айро тасаввур этиб бўлмайди деган хулосага келган.

“Бухоро ва Самарқандни зиёрат қилиб, бу шаҳарларнинг ҳар бир гўшасидаги санъат асарларига мафтун бўлмасликнинг, ҳайрон қолмасликнинг иложи йўқ. Бу жиҳатдан, Бухорони Бурсадан, Самарқандни Истанбул ва Кўнёдан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Мен ушбу университетимиз ректорига қулай фурсатда ўша шаҳарларга талабаларимизнинг саёҳатини уюштиришни таклиф этаман”, – деган эди Ражаб Тоййиб Эрдўғон талабалар билан учрашувда.

С.Салим

Шу мавзудаги мақола:

Туркия сайёҳлик бўйича дунёнинг учинчи давлати бўлади…ми? 04.02.2017