Туркия раҳбарияти Ўзбекистоннинг янада тараққий этишига хайрихоҳ ҳамда бу йўлда бутун имкониятларни сафарбар қилишга шай. Бу ҳақда Туркиянинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурейя Эрнинг икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 27 йил тўлиши муносабати билан оммавий ахборот воситалари вакилларига берган баёнотида маълум қилди.
1992 йил 4 март куни Ўзбекистон ва Туркия ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилишини кўзда тутган Протокол имзоланган эди.
Дипломатга кўра, ўтган 27 йил мобайнида икки давлат муносабатларининг стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарилиши икки қардош мамлакат учун ифтихор манбаи саналади.
“Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 30 апрель куни Ўзбекистонга ташрифи чоғида Ўзбекистон Олий Мажлисига мурожаатида ҳам ифода этганларидек, Ўзбекистоннинг 1991 йил 31 август куни ўз мустақиллигига яна бир бора эришиши худди ўзбек қардошларимиз сингари турк халқи учун ҳам буюк ифтихор манбаи бўлди”, – деди Туркия элчиси.
Ўтган 27 йил мобайнида икки мамлакат ўртасида кўплаб соҳаларга оид юздан ортиқ битим имзоланганини ёдга олган элчи 1996 йилда имзоланган “Абадий дўстлик ва ҳамкорлик” битими ҳозир ҳам ўз қадр-қимматини сақлаб қолгани, мазкур ҳужжат ўз номи билан, абадий дўстликнинг аҳдномаси эканини таъкидлади.
Қайд этилишича, Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва қардошлик мамлакатларимиз муносабатларининг стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарилишида муҳим роль ўйнади.
“2017 йил октябрь ойида жаноб Шавкат Мирзиёевнинг давлатимизга амалга оширган ташрифи ва муҳтарам Президентимизнинг ўтган йил апрель ойида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифлари икки давлат муносабатлари жиҳатидан тарихий бурилиш нуқтаси бўлиб хизмат қилди”, – деди М.С.Эр.
Дипломатга кўра, жорий йилда Туркияда икки мамлакат ўртасидаги Стратегик ҳамкорлик бўйича Олий кенгашнинг илк йиғилиши бўлиб ўтади. Мазкур йиғилиш доирасида Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи кўзда тутилмоқда.
Туркия элчисига кўра, мазкур Олий кенгаш Ўзбекистон билан кўпгина соҳада давом этиб келаётган ҳамкорликни стратегик шериклик истиқболи орқали чуқурлаштиришга хизмат қилади. Демак, расмий Анқара инсонпарвар ва ташаббускор ташқи сиёсати доирасида Марказий Осиё ва унинг ташқарисида тинчлик, хавфсизлик, барқарорлик ва фаровонликнинг бардавом бўлишида Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорликда давом этади.
Туркия элчиси Ўзбекистон 33 миллиондан ортиқ навқирон аҳоли, бой табиий манбалар ва баракали заминга эга давлат экани, Марказий Осиёнинг юрагида – стратегик аҳамиятга молик ҳудудда жойлашганини урғулаган.
Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг дадил одимларини халқаро ҳамжамият яқиндан кузатиб бораётганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Меҳмет Сурейя Эр (Mehmet Süreyya Er) 2018 йил декабрда Туркия Президентининг тегишли қарорига кўра, ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги янги элчиси этиб тайинланди. Меҳмет Сурейё Эр 2012-2018 йилларда Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) вице-президенти лавозимида фаолият юритган. Унга қадар Туркия Бош вазири идорасида халқ дипломатияси бошқармасида масъул лавозимда ишлаган. 2004−2010 йилларда эса АҚШдаги Мичиган университетида (АҚШ) туркийшунослик фанидан дарс берган. Фалсафа доктори (PhD) Меҳмет Сурейя Эр ўзбек, инглиз, француз, араб, рус, форс ҳамда бошқа тилларни билади.
C.Cалим тайёрлади
Шу мавзудаги мақола:
Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари Стратегик ҳамкорлик бўйича Олий кенгаш мажлисида қатнашади. 30.01.2019