15 июль куни Туркияда давлат тўнтаришини амалга оширишга уринганлар албатта жазосини олади. Бу ҳақда Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон давлат тўнтаришига уриниш пайти шаҳид кетганларни дафн этиш маросимида маълум қилган.
Президентга кўра, Туркия халқи ўлимдан ҳам қўрқмай, ватанга хиёнат қилган ҳарбийларга қарши намойишларга чиқди. Одамлар “Агар уларнинг танк ва тўплари бўлса, бизнинг имонимиз бор” дея мамлакат яхлитлигини ҳимоя қилди.
Туркия етакчиси демократик йўл билан сайланган давлат бошқаруви идораларига қарши чиққан ҳарбийларни cаратон ўсмасига ўхшатган ва барча бошқарув органлари бундай вируслардан тозаланишини айтган.
Мамлакат раҳбари демократик сайланган ҳукуматни фаол қўллаб-қувватлаган фуқароларга миннатдорлик билдирган.
“Миллатимиз илк дақиқалардан кўча ва майдонларга чиқди. Айнан сизнинг фаоллигингиз сабабли давлат тўнтариши тарафдорларининг режалари чиппакка чиқди. Бирлигимиз ва якдиллигимиз бардавом бўлсин”, – деган Туркия Президенти.
15 июль кунги ҳарбий тўнтаришга уриниш АҚШда яшаётган Фатҳулла Гулен асос солган “Параллел давлат” тузилмаси (FETÖ) томонидан уюштирилгани айтилмоқда. Шунга кўра, Ражаб Тойиб Эрдўғон АҚШдан Фатҳулла Гуленни Туркияга топширишни сўраган.
Ўз навбатида, мамлакат бош вазири Бинали Йилдирим Анқара бош майдонида йиғилган улкан издиҳом қаршисида нутқ сўзлаб, халқига қарши қурол кўтарган шахсларни асло ҳарбий хизматчи деб атаб бўлмаслигини таъкидлаган.
“Аскар либосини кийган қотил ва террорчилар қилмиши учун жавоб беради. “Параллел давлат” террорчи ташкилоти аъзолари билан шонли турк армиясини зинҳор чалкаштирмайлик. Ишончингиз комил бўлсин, FETÖ террорчилари эртами-кечи хиёнати учун жавоб беради”, – деган Бинали Йилдирим.
Онадўли ахборот агентлигига кўра, 15 июль куни Туркиядаги бир гуруҳ ҳарбийларнинг давлат тўнтаришга уриниши 22 соат ичида бартараф этилди.
Эслатиб ўтамиз, шанбага ўтар кечаси бир гуруҳ ҳарбийлар Туркия Қуролли Кучлари штаби ва давлат телерадиокомпанияси биносини босиб олди. Истанбулдаги Босфор ва Фотиҳ Султон кўприкларини тўсиб қўйди. Қуролли Кучлар Бош штаби раҳбарини гаровга олди.
Исёнчи ҳарбийлар телевидение орқали давлат тўнтариши амалга оширилгани, ҳокимият улар қўлига ўтганини эълон қилди. Ўша пайтда Мармара музофотидаги меҳмонхонада бўлган Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон фуқароларга теледение орқали мурожаат этиб, кўчаларга чиқиб, демократияни ҳимоя қилишга даъват этди. Давлат раҳбари бир муддатдан кейин Истанбулга келди.
Хабарларга кўра, исёнчи ҳарбийлар Туркия парламенти ва Анқара полицияси биносига бомба ёғдирган, Президент қароргоҳини эгаллашга уринган.
Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон жўнаб кетганидан бир муддат кейин Мармарадаги меҳмонхона исёнчи ҳарбийлар ҳужумига учраган.
Президент учиб кетаётган самолёт исёнчи ҳарбийлар назоратидаги қирувчи самолётлар нишонида бўлгани ҳақида ҳам хабарлар мавжуд.
Бу орада бир гуруҳ фитначи ҳарбийларнинг давлат тўнтаришига уриниши муваффақиятсиз якунлангани эълон қилинди ва Туркия бўйлаб исёнчи ҳарбийлар ва ушбу фитнага алоқадор шахсларни қўлга олиш операцияси бошланди.
Операция давомида фитнага алоқадор 6 мингдан зиёд ҳарбий, жумладан, Ҳарбий ҳаво кучлари собиқ қўмондони Али Ўзтурк, Президентнинг бош ҳарбий маслаҳатчиси Али Язиджи ҳамда ўндан зиёд генерал ва адмираллар ҳибсга олинган.
Шунингдек, “Параллел давлат” тузилмасига алоқадорлик гумони билан Олий суд кенгаши, Конституциявий суд ва Давлат кенгашининг бир қатор аъзолари қамоққа олинган, ўнлаб судья ва прокурорлар лавозимидан бўшатилган.
Бош вазир Бинали Йилдиримга кўра, давлат тўнтаришига уриниш пайти 161 киши шаҳид бўлган, 1440 киши жароҳатланган.
Туркиядаги давлат тўнтаришга уриниш ҳолати дунё ҳамжамияти томонидан кескин қораланган.
“ЕИ демократик йўл билан сайланган ҳукумат ва институтларни ҳамда қонун устуворлигини тўлалигича қўллаб-қувватлайди. Зудлик билан конституциявий тартибга қайтишга чорлаймиз”, – дейилади Европа Иттифоқи тарқатган баёнотда.
Европа парламенти раиси Мартин Шульц ҳам давлат тўнтаришига уриниш ўз вақтида бартараф этилганидан мамнун эканини билдирган.
Қолаверса, Франция, Швейцария, Австрия, Канада, Бельгия, Германия, АҚШ ва бошқа давлатларда Туркиянинг демократик йўл билан сайланган ҳукуматини қўллаб-қувватловчи намойишлар бўлиб ўтган.
Туркиядаги мусулмон, насроний ва яҳудий жамоалари раҳбарлари ҳам махсус мурожаатнома эълон қилиб, фуқароларни бирлик ва аҳилликка чорлаган.
“Терроризм ва зўравонликни ҳеч қандай асос билан оқлаб бўлмайди. Бир инсонни ўлдириш бутун инсониятни ўлдириш билан баробар”, – дейилади ушбу мурожаатномада.
Туркиянинг яқин тарихига назар солинса, 1960, 1971, 1980 ва 1997 йилларда ҳарбийлар давлат тўнтаришларини амалга оширганини кўриш мумкин. Эҳтимол, шуни назарда тутиб бўлса керак, Туркия Қуролли Кучлари Бош штаби раҳбари, генерал Умит Дундар 15 июль куни демократик йўл билан сайланган ҳукуматга қарши чиққан ҳарбийлар хатти-ҳаракатини кескин танқид қилиб, “Туркияда ҳарбий тўнтариш ва хунталар даври ортда қолди”, – деб таъкидлаган.
Собир Салим