Тошкентда турк фильмлари фестивали бўлиб ўтади

Жорий йил апрель ойида Тошкентда турк фильмлари фестивали ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу борада “Ўзбеккино” миллий агентлиги Бош директори ҳамда Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Маданият ва туризм масалалари бўйича маслаҳатчиси Жесим Чалабий учрашувида сўз борган.

Кино кунлари доирасида Ўзбекистон ва Туркия киноусталари ўртасида тажриба алмашиш мақсадида ижодий учрашувлар ўтказиш, фестивалнинг тантанали очилиш маросимига эса Туркия кино ва мусиқа санъатининг таниқли намояндаларини таклиф этиш кўзда тутилган.

Тошкентда кўп йиллардан буён Туркия киноси ҳафталиги ўтказиб келинмоқда. Бу галги санъат байрами янада кенг миқёсда ўтиши кутилмоқда.

Туркияда кинематография санъатига 100 йил аввал асос солинган. Мамлакатда илк ҳужжатли фильм 1914 йилда, илк бадиий фильм эса 1917 йилда суратга олинган. Ўтган бир аср давомида миллий анъана ва замонавийлик уйғунлашган миллий кино йўли шаклланди. Турк киноижодкорлари картиналари нуфузли халқаро фестивалларда эътироф этилди. Масалан,  Метин Эрксаннинг “Сувсиз ёз” (1964) фильми Берлин халқаро кинофестивали, режиссёр Омен Кавурнинг “Юсуф ва Кенан” фильми (1980) Милан халқаро кинофестивали, режиссёрлар Шериф Гёрен ва Йилмаз Гюнейнинг “Йўл” фильми (1981) Канн кинофестивалининг бош совринига сазовор бўлган.

Охирги йилларда Туркия кино санъати янада ривожланди. Кино санъати бўйича таълим берувчи олий ўқув юртлари кўпайди, моҳир режиссёр ва актёрлар мактаби шаклланди. Маълумотларга кўра, Туркияда ҳар йили 50-60 картина суратга олинади.

Анқара, Истанбул, Измир каби йирик шаҳарлар нуфузли халқаро кинофестивалларга мезбонлик қилиб келмоқда.

C.Cалим