Тошкентда марҳум шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ихтиёр Ризо яшаган уйда хотира лавҳи ўрнатилди. Мазкур лойиҳа Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази томонидан амалга оширилди.
Хотира тадбирида Озарбойжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Озарбойжон маданият маркази ходимлари, Ўзбекистон-Озарбойжон дўстлик жамияти аъзолари, шоирнинг яқинлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази раҳбари Самир Аббосов Ўзбекистонда яшаётган озарбойжон миллатига мансуб фуқаролар мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, икки қардош давлат ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётганларини таъкидлади. Жумладан, атоқли шоир Ихтиёр Ризо ҳам ўз ижоди билан дўстлик ва қардошликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилди. Ўтган йили Озарбойжон маданият маркази лойиҳаси асосида озарбойжон рассоми Юсуф Ҳусайн яшаган уйда ҳам хотира лавҳи ўрнатилган эди. С.Аббосов бу борадаги хайрли ишлар давом эттирилишини қайд этди.
Тадбирда сўз олган бошқа иштироклар ҳам шоир Ихтиёр Ризо ҳаёти ва ижоди хусусидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.
Ихтиёр Ризо 1969-2012 йилларда Тошкент шаҳри Учтепа тумани 22-мавзесида истиқомат қилган. Шоир Ватанга муҳаббат, инсон бахти каби азалий мавзуларда қалам тебратган. У “Ватан”, “Она юртим Туркистоним”, “Менинг ўлкам” каби асарлари билан тилга тушган. Озарбойжон шоири Ихтиёр Ризо номи Саид Ризо Ализода, Мақсуд Шайхзода каби атоқли адиблар билан бир қаторда тилга олинади.