Тошкентдаги Икуо Ҳираяма халқаро маданият карвонсаройида “Бонсай санъати – табиат уйғунлиги” деб номланган кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Япониянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма иштирок этди.
Дипломат ўз нутқида бонсай кўргазмаси Япония ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигида ўтказилаётганини мамнуният ила қайд этди. Элчи бундан буён ҳам Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли муносабатларни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш учун саъй-ҳаракатларни давом эттириш ниятида эканини таъкидлади.
Кўргазма очилиш маросимида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, халқ рассоми Акмал Нур ҳам қатнашди.
Бонсай – Кунчиқар юртнинг кўп асрлик тарихга эга санъат туридир. Миниатюра дарахтларини ўстириш маҳорати акс этган ушбу санъат тури табиат билан ҳамнафасликка интилиш натижасида вужудга келган.
Митти дарахтни парваришлаш ўзига хос маҳорат, вақт ва сабр-тоқат талаб этади. Бу санъат тури асрлар мобайнида инсоннинг табиатга, хусусан, набототга меҳр-муҳаббати тажассуми сифатида сайқал топиб келган.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил март ойида Ўзбекистон давлат хореография академиясида япон замонавий рақс санъатига бағишланган онлайн семинар ва маҳорат дарси бўлиб ўтган эди.
Жорий йил февраль ойида эса икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллиги доирасида Икуо Ҳираяма халқаро маданият карвонсаройида “Япон таомлари макет намуналари” кўргазмаси ташкил қилинганди.