Тошкентда 28 май – Озарбайжон мустақиллиги куни муносабати билан расмий тадбир ўтказилди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, Озарбайжон Республикаси Диаспора билан ишлаш давлат қўмитаси раиси Фуад Мурадов, давлат ва ҳукумат намояндалари, элчилар, халқаро ташкилот вакиллари, илм, маданият ва санъат ходимлари иштирок этди.
Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳусайн Қулиев сўзга чиқиб, замонавий республикачилик тарихи ҳақида гапирди.
Қайд этилишича, 1918 йилда ташкил этилган Озарбайжон Демократик Республикаси оғир ижтимоий-сиёсий шароитда Европа ва Американинг 20 дан ортиқ давлати билан дипломатик муносабат ўрнатган, қисқа вақт ичида Озарбайжон тарихида ўчмас из қолдирган. Республика даврида байроқ, мадҳия қабул қилинган, илк парламент ва ҳукумат, давлат аппарати ташкил этилиб, озарбайжон тили давлат тили деб эълон қилинган.
Дипломатга кўра, 1991 йилда мамлакат мустақилликка эришгач, ўзини Озарбайжон Демократик Республикасининг вориси деб эълон қилгани ҳам бежиз эмас.
Элчи Ҳусайн Қулиев умуммиллий етакчи Ҳайдар Алиевнинг сиёсий йўналишини давом эттирган Озарбайжон президенти Илҳом Алиев томонидан олиб борилган ислоҳотлар ўз самарасини бергани, 44 кунлик Ватан муҳорабасида Озарбайжон қарийб 30 йил ишғол остида бўлган ерларини озод этганини таъкидлади.
У икки қардош давлат ўртасидаги муносабатлар юксак даражада эканини қайд этиб, Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди.
Маросимда сўз олган Озарбайжон Диаспора билан ишлаш давлат қўмитаси раиси Фуад Мурадов ҳам Ўзбекистонни дўст-қардош ўлка сифатида тавсифлаб, давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракати натижасида ўзаро муносабатлар стратегик шериклик даражасига чиққанига эътибор қаратди.
Тадбир доирасида “Озод ва обод Озарбайжон” номли фотокўргазма ҳам намойиш этилди.