Тошкентда Озарбайжон бирдамлиги куни нишонланди

Тошкентда 31 декабрь – Дунё озарбайжонлари бирдамлиги куни нишонланди. Мазкур сана муносабати билан Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази концерт ташкил этди.

Тадбирда сўз олган ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гусейн Кулиев 31 декабрь санаси муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

“Сўғдиёна” ўзбек миллий чолғулари камер оркестри Узайр Ҳожибеков, Фикрат Амиров, Кара Караев, Тофиқ Қулиев каби атоқли озарбайжон композиторлари ижодидан намуналари ижро этди.

Тадбирда хорижий давлат элчилари, дипломатлар, озарбайжонликлар, ўзбекистонлик маданият, санъат намояндалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

31 декабрь жаҳоннинг турли нуқталарида яшаётган озарбайжон миллатига мансуб аҳоли томонидан байрам қилинади. Мазкур сана 1991 йил 16 декабрда ўша даврда Нахичевон Автоном Республикаси Олий Мажлиси раиси сифатида фаолият юритган, миллат етакчиси Ҳайдар Алиев томонидан Дунё озарбайжонлари бирдамлиги куни дея эълон қилинган.

Гап шундаки, 1989 йил 31 декабрь куни Нахичевон Автоном Республикаси ҳудудида яшовчи озарбайжон миллатига мансуб минглаб кишилар Совет-Эрон чегарасини бузиб, Аракс дарёсидан қўшни давлатга ўтган. Шу тариқа улар узоқ йиллик айрилиқдан кейин Эронда яшаётган миллатдошлари билан учрашган. Айни шу куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида илк бор Дунё озарбайжонлари конгресси ташкил этилган. Мазкур икки тарихий воқеа 31 декабрь санасини бирдамлик куни сифатида эълон қилишга  туртки бўлган.

Мазкур сана озарбайжон миллатининг давлатчилиги, кўп асрлик тарихи, маданияти, тили ҳамда қадриятларига ҳурмат ўлароқ байрам қилинади.

Маълумотларга қараганда, дунё бўйича озарбайжон миллатига мансуб бир неча ўн миллион аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг асосий қисми Озарбайжон Республикасида, шунингдек, Россия, Эрон, Туркия, Германия, Франция, Буюк Британия, АҚШ ҳамда МДҲ мамлакатларида яшайди.

Собир Салим