Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида ўзбек олимлари – Шуҳрат Сирожиддинов ва Гулбаҳор Ашурованинг “Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий асарларида туркий тафаккур ва ғоявий бадиий асос” монографиясининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбир Озарбайжон маданияти ва адабиёти кунлари доирасида икки мамлакат маданият вазирликлари кўмагида, Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази ташаббуси билан ўтказилди.
Тақдимотда Миллий Мажлис маданият қўмитаси раиси Ганира Пашаева, парламентдаги “Озарбайжон–Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи аъзоси Мушфиқ Жаъфаров, Озарбайжон маданият вазирлиги бўлим бошлиғи Акиф Марифли, Бокудан келган бошқа меҳмонлар, университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.
Маросимни ТДПУ ректори, професссор Абдуғаффор Қирғизбоев очар экан, мазкур университет 1947 йилдан буён Низомий Ганжавий номи билан аталишини таъкидлади.
Озарбайжон маданият маркази директори Самир Аббосов турк дунёси инсониятга буюк олимлар, файласуфлар, шоир ва ёзувчиларни бергани, Озарбайжон халқининг фахри Низомий Ганжавий ва ўзбек адабиётининг улуғ шоири Алишер Навоий номлари фахр билан тилга олинишини таъкидлади. Нотиқ икки мутафаккир адабий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш барча замонлар учун ҳам долзарб эканини қайд этди.
Ўзбекистон–Озарбайжон дўстлик жамияти ижрочи директори, профессор Эркин Нуриддинов Озарбайжон маданият маркази томонидан Низомий Ганжавий таваллудининг 880 йиллиги ва Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан эълон қилинган танлов доирасида ҳар икки шоир асарларида туркий тафаккур ва ижод ўртасидаги боғланишлар тадқиқотига доир илмий асарлар тайёрланишини назарда тутилганини айтиб ўтди.
Депутат Ганира Пашаева халқларимиз дўст, қардош эканлигини таъкидлаб, Самад Вурғун ва Ғафур Ғулом дўстлиги ҳақида сўзлади, икки халқ фарзанди, шоир ва таржимон Мақсуд Шайхзода номини эҳтиром билан ёдга олди.
Тадбирда сўз олган озарбайжонлик меҳмонлар ҳамда юртимиз олимлари ўзаро маданий-гуманитар алоқалар, хусусан, янги монографиянинг илмий аҳамиятига тўхталдилар.
Тадбир сўнгида ТДПУ ректори Абдуғаффор Қирғизбоевга Озарбайжон маданият вазири Анар Керимов имзоси билан “Низомий Ганжавийнинг 880 йиллиги” эсдалик нишони топширилди.
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти ва адабиёти кунлари доирасида қатор тадбирлар ўтказилмоқда.