13 октябрь куни Тошкентда АҚШ элчихонасининг эски биносида XV Дэниел Перл Жаҳон мусиқа кунлари доирасида гала концерт ўтказилди. Унда Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров ва “Ялла” гуруҳи, Шаҳзода, DJ Piligrim, шунингдек, IWALF Band, Арчи Санденс, Жансет Богдалова ва Жанна Ким каби мусиқий гуруҳ ва ёш санъаткорлар иштирок этди. Маданий тадбирга 500 га яқин меҳмон ташриф буюрди.
“Бугунги тадбирда ҳозир бўлиб турганингиз мусиқанинг сарҳадлар ошиб турли маданият, ирқ ва эътиқодга мансуб халқларни ўзаро бирлаштириш кучига эгалигини намоён этмоқда. Бу концерт уйғунликни ўзида мужассам этар экан, унда ўзбек мусиқасининг ҳақиқий афсоналари билан бир сафда ижод оламига эндигина қадам қўйган бир неча ёш ўзбек мусиқачиси ҳам американча ва инглиз тилидаги қўшиқларни эътиборингизга ҳавола этади. Демак, битта саҳнада ягона баркамол инсонийликни намоён этиш йўлида бирлашган ажойиб мусиқанинг уч авлоди ва иккита улуғвор маданиятни кўришингиз мумкин”, – деди АҚШ элчисининг ўринбосари Лес Вигери тадбирни очиб бераркан.
Дэниел Перл Жаҳон мусиқа кунлари дунё бўйлаб намойиш этиладиган концертлар туркуми бўлиб, у бағрикенглик, дўстлик ва инсонийлик ғояларини тарғиб этади. Жаҳон мусиқа кунлари 10 октябрда туғилган журналист ва мусиқачи Дэниел Перл ҳаёти ва фаолиятидан илҳомланиб ташкил этилади.
Дэниел жуғрофий чегара билмаган, хурофотдан холи бир ҳаётни яшаб ўтди. 2002 йили у Жанубий Осиёда мухбир сифатида фаолият юритаётган пайтда Покистондаги террористлар томонидан олиб қочилган ва ўлдирилган, унинг ўлими халқаро ҳамжамият нафрати ва ғазабига сабаб бўлган. Ўшандан буён ҳар йили октябрь ойида мусиқачилар дунё бўйлаб мусиқа ёрдамида “Инсонпарварлик йўлидаги уйғунлик” шиори остида тинчлик ва ўзаро бир-бирини тушунишни тарғиб этиш, зулмга қарши курашиш ва нафратдан холи дунёни барпо этиш мақсадида бирлашадилар.
2002 йилдан бери Дэниел Перл Жаҳон мусиқа кунлари доирасида 140 мамлакатда 14000 дан ортиқ концерт намойиш этилган.