20 декабрь куни Тошкентдаги “Китоб олами” мажмуасида Ораз Абдуразаковнинг Соҳибқирон Амир Темурга бағишланган “Повелитель” (Ҳукмдор) шеърий романи тақдимоти бўлиб ўтди. Рус тилидаги мазкур асар етти қисмдан иборат бўлиши режалаштирилган йирик полотнонинг дастлабки жилдидир.
Маросим аввалида “Илҳом” театрининг актёри Владимир Юдин шеърий романнинг дастлабки бобини маҳорат билан ўқиб берди. Сўнг саҳнага асар муаллифи Ораз Абдуразаков таклиф этилди.
Шоирнинг ҳикоя қилишича, Соҳибқирон ҳақида шеърий асар ёзиш ғояси бундан йигирма йил аввал – Амир Темурнинг 660 йиллик юбилейи нишонланаётган ва юртимизда бу борада дастлабки илмий ҳамда адабий тажрибалар эълон қилина бошлаган пайтда туғилган.
“Ўшанда камина – мактаб ўқувчиси мазкур мавзуга қизиқиб қолдим. Бутун Ўрта Осиё тарихида бурилиш палласи саналган даврни қандай қилиб тадқиқ этмаслик мумкин, деган хаёл менга тинчлик бермас эди. Ҳолбуки, бу давр она заминимизда Европа Ренессанси билан бир пайтда Уйғониш даврини бошлаб берган ва бу ҳол Темурийлар давлатининг на шарқи ва на жанубида кузатилган эди”, – дея асарнинг яралиши хусусида ҳикоя қилади Ораз Абдуразаков.
Шу тариқа Амир Темур ҳаётининг энг мураккаб ва ҳал қилувчи палласи – 1365-1370 йиллар воқеаларига бағишланган “Повелитель” шеърий асари дунё юзини кўрди. Асар Турон заминини мўғул истибдодидан халос этган ва дунё тарихида мисли бўлмаган салтанат қурган ҳукмдорнинг ҳарбий юришлари ҳақидаги шунчаки солнома эмас. Балки Ораз Абдуразаков шеърий романда XIV аср воқелиги ҳамда Соҳибқирон шахсиятини бадиий мезонларга кўра тадқиқ этишга уринади. Айни чоқда, муаллиф тарихий ҳақиқатни ҳам бузмасликка ҳаракат қилади. Буни соҳа мутахассислари-да эътироф этди.
“Бугунга қадар Соҳибқироннинг тахтга келиши тарихини ҳеч ким шеърий йўсинда қаламга олган эмас. Ҳукмдорнинг улғайиши, ўша даврнинг мураккаб ҳаёти ва турмушини батафсил ёритиб бериш муаллифнинг ўзига хос ижодий кашфиёти саналади. Муаллиф тарихий хронологияни бузмаган ҳолда бунинг уддасидан чиққан”, – дейди Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази катта илмий ходими, тарих фанлари доктори Дилором Юсупова.
Муаллифнинг маълум қилишича, ҳозирда етти қисмдан иборат бўлиши кутилаётган шеърий полотнонинг яна бир қисми ёзиб тугалланган. “Победитель” (Музаффар) деб номланган мазкур китоб Соҳибқироннинг 1371-1376 йиллардаги фаолиятидан нақл этади. Шоир ушбу лойиҳа доирасида “Dinara&Co” ҳамда “Akademnashr” нашриётлари билан ижодий ҳамкорликни давом эттириш ниятида эканини билдирди.
Айтиш жоизки, мазкур шеърий асар ҳозирга қадар уддабурон менежер сифатида эътироф этилган Ораз Абдуразаковни адабий жамоатчиликка иқтидорли шоир ўлароқ танитди.
Собир Салим