Тошкент вилояти Бўка туманидан тухумсимон 2 та хум ва воҳанинг ўрта асрларга оид археологик ёдгорликларига тегишли 2 та ашё топилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси хабар берди.
Топилмалар орасида, айниқса, сиртига аёл қиёфаси бўрттириб гавдалантирилган тошбақасимон кўза ноёб экани айтилмоқда.
Бундай идиш Тошкент вилоятида илк бор топилди. У қадимги юнон анъанасига мос равишда ишланган. Бу қадимги Чоч-Тошкент ҳудудига салавкийлар саркардаси Демодамнинг (милоддан аввалги III аср) келиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Худди шундай қиёфа Туркияда милоддан аввалги II асрда қурилган Аполлон ибодатхонасида ҳам мавжуд.