25 май куни Тошкентда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича тўртинчи ҳукуматлараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтди. Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов ва Туркия Бош вазир ўринбосари Йилдирим Туғрул Туркеш раислигида ўтган йиғилишда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривошлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунида икки мамлакат ўртасида бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди. Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма иқтисодий комиссия тўртинчи йиғилишининг баённомаси (мазкур ҳужжат Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Рустам Азимов ҳамда Туркия Бош вазир ўринбосари Йилдирим Туғрул Туркеш томонидан имзоланди), Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ва Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазири учрашувлари баённомаси (мазкур ҳужжат Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Анвар Шаропов ҳамда Туркия Маданият ва туризм вазири Наби Авжи томонидан имзоланди) ана шулар жумласидан.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлари ўртасида даромад солиқларига нисбатан иккиёқлама солиққа тортишни олдини олиш тўғрисидаги битимга ўзгартириш киритиш бўйича баённома ҳамда Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим лойиҳаси парафирланди.
Эслатиб ўтамиз, 24 майдан буён юртимизда Туркия Бош вазир ўринбосари Йилдирим Туғрул Туркеш, Иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи ва Маданият ва туризм вазири Наби Авжидан иборат нуфузли делегация меҳмон бўлиб турибди.
25 май куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Туркия Ташқи иқтисодий алоқалар кенгаши (DEİK) ҳамкорлигида икки давлат ишбилармонлари, фирма ва компаниялари вакиллари ўртасида бизнес форум ва икки томонлама учрашувлар ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.
Шу куни Туркия Маданият ва туризм вазири Наби Авжи Ўзбекистон Маданият вазири Маҳмуд Муратов билан музокаралар ўтказди ҳамда икки мамлакат туристик агентликлари ҳамда меҳмонхона бизнеси вакиллари ўртасида битимларни имзолаш жараёнида қатнашган.
Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабарига кўра, ташрифдан кўзланган мақсад икки давлат раҳбарлари учрашувларида эришилган келишувларни амалга ошириш тамойили доирасида ўзаро дўстлик ва қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлашдан иборат.
“Сўнгги вақтларда Ўзбекистон ва Туркия савдо ва иқтисодий алоқаларидаги ижобий тенденциялар ҳамда ўтказилиши режалаштирилган ҳукуматлараро қўшма комиссия мажлиси ва бизнес форумнинг икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг яна ҳам ривожланишида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиздир”, – деб хабар беради Туркия элчихонаси матбуот хизмати.
Бу мамлакатлараро савдо-иқтисодий жабҳадаги музокараларнинг навбатдаги босқичидир. Аввал хабар берганимиздек, жорий йил февралда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Рустам Азимов Туркияда музокаралар ўтказган. Р.Азимовни Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Истанбулдаги “Бейларбейи” саройида қабул қилган.
Шу мавзудаги мақола:
Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорликни кенгайтириш истагида. 28.02.2017