Бугун Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида инглиз тили ўқитувчиларига мўлжалланган “Инглиз тили мулоқот учун асосий воситадир” номли халқаро анжуман бошланди.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, икки кунлик тадбирда 250 нафар иштирокчи, жумладан, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакиллари, Марказий Осиё мамлакатларида фаолият юритаётган америкалик мутахассислар, муаллимлар малакасини ошириш марказлари ходимлари, Ўзбекистон вилоятларидаги олий таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган инглиз тили ўқитувчилари ҳамда чет эллик мутахассислар қатнашмоқда.
Анжуман доирасида ялпи мажлислар, маҳорат сабоқлари, китоб лотереяси ва соҳага оид бошқа қизиқарли машғулотлар ўтказилмоқда. Ташкилотчилар инглиз тили ўқитувчилари тақдим этган маърузалар орасидан 80 тасини танлаб олиб, анжуман материаллари тўпламига киритган ва бу тўплам компакт дискларда тарқатилади.
Халқаро анжуман “Ўзбекистонда хорижий тиллар” веб-портали, илмий ва услубий электрон журнал ҳамда чет тилларни ўқитиш бўйича Инновациялар миллий тадқиқот маркази томонидан ташкил этилган бўлиб, бу АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорлик меваси саналади.