26 апрель куни Озарбайжон пойтахти Бокуда БМТ Тамаддунлар иттифоқининг VII глобал форуми иш бошлади. Халқаро анжуманда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳамда Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўғон нутқ сўзлади.
Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев сўзи аввалида Тамаддунлар иттифоқининг асосчилари Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон ҳамда Испаниянинг собиқ бош вазири Хосе Родригес Сапатерога ўз миннатдорлигини билдирди.
И.Алиев асрлар давомида турфа маданият ва эътиқодлар чорраҳасида жойлашган Озарбайжонда бугун ҳам турли эътиқод ва миллат вакиллари аҳил яшаётганини қайд этди.
Озарбайжоннинг иқтисодий тараққиёти хусусида сўзлаган етакчи амалга оширилаётган йирик транспорт ва энергетика лойиҳалари тамаддунлар ҳамкорлигига хизмат қилаётганини таъкидлади.
“Мамлакатлар ўзаро робитада бўлар экан, тараққиёт суръати ҳам ўсади. Биз ҳамкорликнинг самарали йўлларини қидирмоқдамиз. Шарқ – Ғарб транспорт коридори Ипак йўлини тиклашга хизмат қилади. Шунингдек, Шимол – Жануб коридорини очиш бўйича ҳам фаол чора-тадбирлар кўрилмоқда”, – деди И.Алиев.
Озарбайжон Президенти Тоғли Қорабоғ можаросига эътибор қаратиб, Арманистон БМТ резолюцияларига риоя этмаётганини афсус ила қайд этди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари Озарбайжонга тегишли босиб олинган ҳудудни тарк этиши лозимлигини уқтирди.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон эса ўз нутқида радикал гуруҳларга қарши халқаро миқёсдаги курашни кучайтиришга даъват этди.
Туркия етакчисига кўра, терроризм офати инсониятга кўз кўриб қулоқ эшитмаган зарар етказмоқда.
“Олти йилдирки, Сурияда одамлар нобуд бўлмоқда. Биз Эгей ва Ўртаер денгизларида 100 мингдан ошиқ қочқинни қутқариб қолдик. Бугун мамлакатимиз уч миллион суриялик ва ироқлик қочқинга бошпана берган, уларга 10 миллиард доллар сарфланди”, – деди Ражаб Тойиб Эрдўғон.
Қолаверса, яқинда Ироқ, Нигерия, Франция, Покистон, Туркия, Бельгия, Испанияда бегуноҳ инсонлар террор қурбони бўлди.
Туркия етакчиси терроризм устидан ғалаба қозониш учун ирқчилик, адолатсизлик, тенгсизлик ва сиёсий зиддиятларга барҳам бериш лозимлигини таъкидлади.
Қайд этилишича, БМТ Тамаддунлар иттифоқи қисқа муддатда катта муваффақиятларга эришди, аммо ҳали қиладиган ишлари-да кўп.
Ражаб Тойиб Эрдўғон терроризмни бирор дин, миллат ёки маданиятга нисбат бериш нотўғри экани, хусусан, ислом дини зўравонликни кескин қоралашига урғу берди.
Анжуманда, шунингдек, БМТнинг Тамаддунлар иттифоқи бўйича олий вакили Носир Абдулазиз ал-Носир, Испания Ташқи ишлар вазири Хосе Мануэль Гарсиа-Маргальо ҳам ўз фикрларини баён этди. БМТ Бош котиби Пан Ги Мун эса машварат иштирокчиларига видеомурожаат йўллади.
“Инклюзив жамиятда биргаликда яшаш: муаммо ва мақсадлар” шиори остида ўтган анжуманда 146 мамлакатдан 2 мингга яқин вакил, жумладан, халқаро ташкилотлар етакчилари, собиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари, сиёсатдонлар, олимлар, санъат ва маданият намояндалари қатнашди.
Тамаддунлар иттифоқи БМТ Бош Ассамблеясининг 2004 йил 21 сентябрдаги йиғинида Испания бош вазири Хосе Родригес Сапатеро ва Туркия бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон ташаббуси билан таъсис этилган. Бундан кўзланган мақсад миллатлараро, динлараро мулоқотни кучайтириш орқали экстремизмга қарши курашишдан иборат. Тамаддунлар иттифоқи, хусусан, Ғарб ва Ислом дунёси ўртасидаги зиддиятларни бартараф этишга эътибор қаратади.
Ушбу халқаро ташаббус учун Хосе Родригес Сапатеро ва Ражаб Тойиб Эрдўғон Жоржтаун университети томонидан “Тамаддунлар мулоқоти” мукофоти билан тақдирланган.
Тамаддунлар иттифоқининг аввалги анжуманларига Индонезия (2014), Австрия (2013), Қатар (2011), Бразилия (2010), Туркия (2009) ва Испания (2008) мезбонлик қилган.
Собир Салим