Коммунизм доҳийси ўз аъёнлари томонидан заҳарлаб ўлдирилган!..
Коммунистларнинг жаҳонга машҳур доҳийси, бутун дунёни Москва қаршисида тиз чўкишини орзу қилган Иосиф Сталин вафот этгани ҳам ярим асрдан зиёд вақт ўтди. Бу муддат
давомида «халқлар отаси»нинг ўлими ҳақида турли тахминлар, мулоҳазалар билдирилди. Кимдир ўзи орзу қилган давлатнинг инқирозини олдиндан кўрган диктатор ўзини ўзи ўлдирган, деган фикрни айтди. Яна кимдир Сталин ўлимида хориж жосусларини айблади. Россиялик тарихчи Эдвард Радзинский эса яқинда кутилмаган қарашни илгари сурди. Олимнинг тахминига кўра, Сталин ўз қўл остидаги мансабдорлар томонидан заҳарлаб ўлдирилган экан…
1950-йиллар бошидаёқ темир бошқарувга асосланган ва қон билан суғориб турилган салтанатнинг тагига сув кетиб улгурганди. Айни шу даврдаёқ марказий ҳокимиятнинг ўзида бўлиниш ва доҳийга қаршилик кайфияти пайдо бўла бошлаганди. Юқори доирадаги мансабдорлар ҳам доҳийнинг порлоқ келажак — коммунизм тантанаси ҳақидаги оташин нутқларига аллақачон ишонмай қолишганди. Бир пайтлар Сталиннинг ҳар бир сўзини илоҳий каломдай қабул қилган амалдорлар мўйловдор доҳий тобора қариб бораётганини сезишарди ва шу боис ҳам олдингидан бемалолроқ, эркинроқ ҳаракат қилишарди. Бир пайтлар Сталиннинг соясига салом берган, «доҳийим», «бобом», «отам», «отамдан ҳам улуғим», «балойи баттарим» дея кўкларга кўтарган кишилар ҳам коммунизм меъморининг сўниб бораётганини эътироф этишарди. Кремлдаги махфий суҳбатларда, йиғинларда ҳам Иосиф Виссарионовичнинг кексаларча инжиқликлари ҳақида очиқ гапирила бошланганди.
Айни шу пайтларда Сталин Сиёсий бюро мажлисида бир неча марта АҚШ билан муҳораба олиб бориш ва шу орқали янги қирғин — Учинчи жаҳон урушини бошлаш ҳақида гапирганди. Бироқ доҳийнинг уруш ҳақидаги иддаолари «политбюро»нинг Маленков, Хрушчев каби аъзолари ранги қутини ўчириб юборди. Ҳатто Сталиннинг 1937- ва 1945-йиллардаги қатағон ва қирғинларида ташкилотчи ва ижрочи вазифасини бажарган Лаврентий Бериядай ёвуз ва қаттол шахс ҳам доҳийнинг уруш тўғрисидаги режаларига қўшилмади. Сабаби, Иттифоқ Иккинчи жаҳон урушидан ҳориб-чарчаб чиққан, мағлубиятга тенг ғалаба Москвага жуда қимматга тушганди. Гарчи матбуот нашрларида совет халқларининг буюк бунёдкорлик ишлари, бахтли-фаровон ҳаёти ҳақида жўровозда эртак айтилаётган бўлсада, аслида урушдан кейинги тиклаш жуда ҳам қийин кечаётганди. Барча жабру ситам яна ўша авом гарданига тушаётганди.
Сиёсий бюро аúзолари Сталиннинг Учинчи жаҳон уруши хусусидаги ширин орзуларини дастлаб кекса раҳбарга хос ҳавойи орзу деб ўйлашганди. Бироқ доҳий ҳар бир йиғинда эски гапни қўзғар, барча раҳбарларни шу мақсад йўлида ҳозиру нозир бўлишга ундарди. Лекин Сталиннинг шогирдлари эндиликда яна бир бор ит азобини тортиш, ўлим таҳликаси билан юзма-юз келиш, энг асосийси, ҳокимиятдан маҳрум бўлиш хавфига рўбарў бўлишни исташмасди. Шу боис улар энг қалтис ва мураккаб йўлни танлашди: Сталинни ўлдиришга қарор қилишди!
Даҳшатли ҳукм ижроси эса тажрибали жаллод — Ички ишлар вазири Лаврентий Берияга топширилди. Берия эса махфий топшириқни бажаришни Сталин шахсий қўриқчилари бошлиғи Хрусталевга юклади. Ғаройиб ўхшашлик: доҳий бутун умри давомида одамларни қўрқув муҳитида ушлаб келди, отани фарзандга, фарзандни отага душман қилди, барчани хиёнат, чақимчилик, «қулоқлик»ка ўргатди ва охир-оқибат энг ишонган ва суянган кишиси — муҳофаза гуруҳи бошлиғи валинеъматига хиёнат қилди. Хрусталев 1953-йилнинг тун пардаси бутун борлиқни ёпган 4-март кечасида доҳийга заҳар берди.
Сталиннинг шахсий соқчиларидан бири бўлган ва сўнгги кеча доҳийга қўриқчилик қилган Пётр Лозгачевнинг мулоҳазалари ҳам маълум маънода шу фикрни тасдиқлайди. Лозгачевнинг хотирлашича, 1953-йилнинг 4-март кечаси жуда ҳам ғалати ва сирли ўтган. Одатга кўра, Сталин соқчилар билан алла-паллагача суҳбатлашиб ўтирар, уларнинг устидан кулиб
масхаралар ва ўзига хос кўнгил очишдан кейин қўриқчиларга рухсат бериб ухлашга ётган. Лекин ўша кеча одатга хилоф равишда Сталин улар билан суҳбатлашмаган, боз устига соқчига унинг ўзи эмас, Хрусталев рухсат бериб юборган. Одатда эрта тонгда туриб давлат ишларига шўнғийдиган Иосиф Виссарионович 5-март куни эрталаб қуёш биргаз кўтарилганда ҳам хонасидан чиқмаган. Хавотирга тушган Лозгачев эса соат 10 ларда Сталинниинг хонасига кирган. Соқчининг тасвирлашича, у хонага қадам босганда, Сталин аланглаганча аллақандай тушунарсиз сўзларни айтар — у гунг бўлиб қолганди — энгил-боши жиққа ҳўл бўлиб кетганди. Ерда эса доҳийнинг севимли чўнтак соати ва «Правда» газетаси ётарди.
Шундан кейин зудлик билан Сиёсий бюро чақирилди, бироқ бюро аъзолари режалаштирилгандай Сталинни шифокорга кўрсатишга шошилишмади. Халқлар отаси кун бўйи ўлим билан олишиб чиқди ва кечки соат 9.50 да жон берди…
Муаррихнинг шаҳодат беришича, Учинчи жаҳон уруши қутқусига учраган Сталин бу
мақсадга жиддий киришган ва айни шу 5-март куни Москвадан яҳудийларни мажбурий кўчиришни режалаштирган. Доҳий бу билан АҚШнинг «қитиқ пати»га тегмоқчи ва шу баҳона уруш бошлаб юбормоқчи бўлган. Сталиннинг ният-мақсади шу даражада қатъий ва пухта режага асослангандики, ҳатто ўша куни эрта тонгда яҳудийларни ташиш учун транспортлар ҳам буйруққа шай ҳолда турган; Қозоғистонда эса сиёсий сургунга маҳкум бўлган яҳудийлар яшаши учун махфий суръатда бараклар ҳам қурилган. Бироқ Сталининг сўнгги режаси рўёбга чиқмади. Бериянинг фитнаси сабаб, яна бир катта қирғин тўхтатиб қолинди. Эрта тонгда доҳий ғазабига дучор бўлган қавмни қаерларгадир ташлаб келишни кутиб ўтирган ҳайдовчиларга буйруқ бекор бўлгани етказилди. Эҳтимол, бу СТАЛИН БУЙРУҒИнинг биринчи марта бекор қилиниши эди…
Абдул СОБИР тайёрлади
«Ҳуррият” газетасидан олинди