Янги Россия мағрур ва яккаҳукмронлик сиёсати билан Европани курашга чорламоқда. Мазкур стратегик рақобат эса хоҳ энергетика соҳаси, хоҳ сиёсий саҳнада бўлсин, тобора кучаймоқда. Энергетика манбалари мамлакати — Владимир Путин Россияси жаҳон сиёсий майдонида анъанавий етакчилик рольини ўйнаш истагини ошкора билдирмоқда. Бундай даъво учун мамлакат жиддий асосга эга. Янги геосиёсий ихтилоф билан рўбарў бўлган Ғарб ва Европа эса хавотир ҳамда ҳадик изҳор қилмоқда, гўёки буткул кутилмаган ҳодиса рўй бергани каби.
Россия ўз энергетика манбаларидан моҳирлик билан фойдаланаётгани нима учун ғазаб аралаш таҳлика уйғотаётганини тушуниш мумкин. Бироқ мавжуд ҳақиқатни тан олиш бироз қийинроқ: агар Европа Иттифоқи ҳозирга қадар ягона ташқи сиёсатни ишлаб чиққанида эди, Россиянинг Европа билан муносабат борасида ғанимларча ишончсизликка асосланган тарихий сиёсатини диққатдан қочирмаган бўлар эди. Горбачёв умид қилган умумий Европа уйига қўшилган Россия тўғрисида орзулар эса аллақачон тутун каби тарқаб кетган.
Очиғини айтганда, Совет Иттифоқи кутилмаганда парчаланиб кетгач, Европа Россия қаддини кўтаролмай, жуда узоқ вақт заифлигича қолишига ишониб қолди. Бугун эса Ғарб Россиянинг ташаббусни қўлга олиш учун қилаётган жиддий ҳаракатларига таажжуб билан, ишонқирамасдан назар ташламоқда. Наҳотки, Европанинг узоқни кўра биладиган сиёсий етакчилари мамлакат сарҳадларидаги улкан энергия заҳиралари Россияга қандай куч беришини ўз вақтида билмаган бўлсалар?
Ушбу мамлакат ўн йиллик вайронагарчиликдан сўнг Владимир Путин сиймосидаги раҳбарни топди ва у синалган усуллар воситасида юртни совет ўтмишидан тезкор тараққиёт ва янгиланишга бошламоқда. Президентни Солженитсин ҳам олқишлаб, Ғарб демократияси инқирозда турган бир пайтда у Россияни ботқоқликдан олиб чиқади, деб айтган эди.
Хўш, бу ҳолат яқиндагина Литвада ўтган учрашувда АҚШ вице-президенти Дик Чейни тилга олган «совуқ уруш» ҳақида гапиришга асос бўла оладими? Москвага очиқ огоҳлантириш сифатида янграган баёнот Россия томонидан уюштирилган фитна сифатида баҳоланди. Айримлар эса буни ўз вақтида билдирилган танбеҳ сифатида қабул қилишди. Матбуот эса Чейни нутқи билан Черчилнинг Фултондаги баёноти ўртасидаги боғлиқликни қидириб қолди (Изоҳ: Британия бош вазири Уинстон Черчил 1945 йили АҚШнинг Фултон шаҳрида қилган чиқишида илк бор «совуқ уруш» атамасини қўллаган эди). Бутун Ер шарини таъминлайдиган газ трубалари тизими учун халқаро миқёсида кетаётган шафқатсиз рақобат шароитида бундай қуруқ чақириқлар урушни келтириб чиқариши қийин. Бироқ бундай юқори жанговар оҳанг Европани хавотирга солаётган экан, демакки, масалани ечишда фаоллик кўрсатиш вақти келган. Ягона энергетика сиёсатини ҳалигача ишлаб чиқа олмаётган Иттифоқ бу зиддиятда томошабин рольидан халос бўлиши мумкин. Бунинг учун у ҳар қадамда устунлигини намойиш қилишга уринаётган Россия билан мулоқот ўрнатиши, Кремл «тили»ни топиши зарур. Фақатгина ҳар қандай мулоқот ҳамкорнинг иқтисодий ва сиёсий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, аниқ ҳамда ақлга асосланган бўлишини унутмаслик даркор.
Бу биргина иқтисодиёт ёки энергетикагагина тааллуқли эмас: Россия ўз остонасида НАТОнинг пайдо бўлиб қолганидан маълум даражада ташвишга тушгани бор гап. Бу ҳолатда кўпчилик ҳарбий иттифоқни Вашингтон кўрсатмаси билан Россияни ўраб олиш ва унинг суверенитетини йўқотишга уринишда айбламоқда. Россия чегарасига қадар ёйилган НАТО мамлакатни очиқ денгизга чиқиш борасидаги асосий имкониятларидан маҳрум этди ва бир пайтлар ҳукмронлик қилган ҳудудларда унинг таъсир кучини йўққа чиқарди. Бу эса Россияни таҳликага солиб қўйди. Америка ҳарбий базаларининг Марказий Осиё давлатлари ҳудудига жойлаштирилиши ва Вашингтон томонидан ҳудуддаги газ ва нефть заҳираларини назорат қилиш йўлидаги уринишлар эса ишончсизлик ҳамда зиддият иқлимини кучайтирди, холос.
Бошқа томондан, Ғарб томонидан Украинадаги «норинж инқилоби»нинг фаол ва узоқни ўйламасдан қўллаб-қувватлангани Москва томонидан салбий қабул қилиниши аниқ эди. Албатта, Украинанинг айрим қисм аҳолиси Москва раҳнамолигидан воз кечиб, Ғарб билан яқинлашиш йўлини хоҳлаётганини инобатга олмаслик тўғри эмас. Бироқ Украина қадимий Киев Руси давлати даврларидан буён Россия миллий тафаккурида қанчалик катта ўрин тутганини назардан қочириш мумкинми? Путин Россияси Украинани ўз таъсир доирасида сақлаб қолиш ишига биринчи даражали вазифа сифатида қараши — кўриниб турган ҳақиқат. Европа бу ҳолатни ўз тамойилларидан чекинмаган ҳолда тушуниши керак.
Европа Чеченистондаги қатағон сиёсатини танқид қилишга ҳақли. Бироқ бу жараёнда Россия раҳбарияти Федерациянинг ҳудудий яхлитлигига таҳдид солиши мумкин бўлган миллий ихтилофлар чиқмаслиги учун курашаётганини ҳам эътиборда тутиши керак.
Ню-Ёркда рўй берган 11 сентябр воқеалари куниёқ Владимир Путин президент Жорж Буш билан ҳамфикрлигини билдирди ва терроризмга қарши кураш борасида айнан Чеченистондаги ҳарбий ҳаракатларни байроқ қилди. Бироқ бу борада Россия ва Америка стратегияси ўртасидаги лаҳзалик яқинлашиш Эрон масаласи пайдо бўлиши билан йўққа чиқди…
«Совуқ уруш» давридан кейинги замонавий дунё буткул ўзгача қиёфа касб этмоқда. Россия ўта аниқ шаклланган амбицияси билан демократияга бошловчи йўлдан бормайди, билъакс, барқарорликни таъминловчи авторитар тизимни танлайди. Шу ўринда шиддат билан тараққий этаётган, дунё энергия манбалари учун курашаётган авторитар бошқарувдаги Хитой ва Россия Федерациясини муқояса қилиб ўтайлик.
Россия ва Хитой айрим масалаларда ягона тўхтамда бўлмасада, мазкур икки давлатнинг умумий манфаатлари жуда ҳам кўп. Россия ва Хитой — бу икки автократик буюк давлат халқаро сиёсатда кутилмаган ҳолатларни келтириб чиқармоқда. Энг қизиғи, тобора муҳим аҳамият касб этаётган бу омил ҳаттоки терроризмга қарши кураш концептсияси ишлаб чиқилаётган пайтда ҳам инобатга олинмаган. Ягона ташқи сиёсат тизимини яратиши зарур бўлган Европа олдидаги вазифа шундаки, у мазкур катта ўйиндаги ўз ўрнини топиши керак.
«La Libre Belgique» (Белгия) газетаси материали асосида Абдул Собир тайёрлади
«Ҳуррият» газетасидан олинди.