17 май куни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида “Сиз Жазоирни биласизми?” танловининг якуний тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу танлов Жазоир халқ демократик республикаси мустақиллигининг 60 йиллиги ҳамда Ўзбекистон ва Жазоир ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги доирасида ташкил этилди.
Танлов иштирокчилари Жазоирнинг тарихи, сиёсати, географияси, спорти ҳамда икки мамлакат ҳамкорлигига доир саволларга жавоб бердилар. Ғолибларни Жазоирнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Носир Бушерит раислигидаги ҳакамлар ҳайъати аниқлади. Танлов ғолибларига элчихона томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.
Тадбир доирасида Жазоир элчиси Носир Бушерит қаламига мансуб “Жазоирлик боланинг аччиқ қисмати” деб номланган китобнинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Муаллиф ЎзДЖТУ кутубхонасига ушбу китобдан 30 дона совға қилди. Француз тилида ёзилган ҳамда ўзбекчага ўгирилган мазкур китоб Жазоир халқининг ҳуррият ва озодлик йўлидаги мардонавор курашига бағишланган.
Қайд этиш жоизки, икки муҳим санага бағишланган тадбирлар туркуми доирасида элчи Носир Бушерит ҳамда ЎзДЖТУ ректори Улуғбек Азизов томонидан “Жазоирнинг қадимий ва замонавий архитектураси” деб номланган фотокўргазма ҳам очиб берилди. Кўргазмада Жазоирнинг тарихий ва замонавий меъморчилик анъаналари, бетакрор обидалар билан танишиш мумкин.
Фурсатдан фойдаланиб, Жазоир элчиси Носир Бушеритдан тадбир хусусидаги фикрини сўрадик.
“5 июль куни Жазоир мустақиллигининг 60 йиллиги нишонланади. Бундан ташқари, яқинда Жазоир ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлади. Бугун ушбу икки муҳим санани биргаликда нишонламоқдамиз. Бу борада давлатларимиз парламент ва ҳукуматлари ўртасида тадбирлар ўтказиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда. Бугунги маънавий-маърифий тадбиримиз ҳам икки томонлама робиталарни ривожлантиришга катта ҳисса қўшади деган умиддаман”, – дейди элчи.
Дипломатнинг маълум қилишича, “Жазоирнинг қадимий ва замонавий архитектураси” деб номланган фотокўргазма расман июнь ойида очилади ва унда дипломатик корпус вакиллари, ҳукумат аъзолари, маданият ва санъат намояндалари қатнашиши кутилмоқда. Бундан ташқари, муҳим сана доирасида Ўзбекистонда Жазоир киноси кунлари ўтказилиши, университетларда маърузалар ташкил этилиши ҳам кўзда тутилган.
Шу мавзудаги мақолалар:
Жазоирдаги юқори рейтингга эга олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик имкониятлари ўрганилмоқда. 11.03.2022
Насер Бушерит: “2019 йил Жазоир ва Ўзбекистон ҳамкорлигида янги саҳифа очади”. 30.10.2018