АҚШ сайловлари: Буш ғалаба қозонди

Сешанба куни АҚШ тарихида яна бир унутилмас кун бўлиб қолди. Сабаби америкаликлар Америка Қўшма Штатларига кейинги тўрт йил давомида ким раҳбарлик қилишини ҳал этди. Бу кунгача эса, АҚШнинг ҳозирги президенти Жорж Буш ва унинг рақиби сенатор Жон Керри бир неча ой қизғин ўтган сайловолди компаниясида сайловчиларни «ўз томонига оғдириб олишга» ҳаракат қилди.

АҚШда ўтказилган сўровларда сайловчилар кимни сайлаши ҳақида бир тўхтамга келаолмаганлиги аниқланганди. Бироқ бир нечта штатлар якуний натижаларни ҳал этиши мумкинлиги кутилаётганди. Амалда ҳам шундай бўлди. Айрим таҳлилчилар мамлакатда сайлов қонунларига оид ислоҳотлар якунланмагани бу сафар ҳам 2000 йилда бўлиб ўтган сайловдагидек муаммолар рўй беришини башорат қилганди.

Бироқ, икки асосий номзод ўртасидаги беллашув бу сафар ҳам жуда қизғин кечди. Ўтказилган сўровларга кўра, Буш ва унинг асосий рақиби Керрига овоз бериши мумкин бўлган сайловчилар сони деярли бир хил эди.

Эсингизда бўлса, 2000 йил президентлик сайловлари ғолибини аниқлаш учун қўшимча 36 кун ва Олий суднинг қарори керак бўлган эди. Ўшанда собиқ вице-президент Алберт Гор ва республикачи Жорж Буш ўртасидаги беллашув жуда кескин ўтиб, биргина Флорида штатидаги мунозарали сайлов натижаларини АҚШ олий суди Жорж Буш фойдасига ҳал этиб берган.

Сайловолди компанияси давомида иккала номзод ҳам мамлакат равнақи учун муҳим бўлган масалаларни кўтаришганди. Маълумотларга қараганда, бу йил сайловчилар жуда фаол қатнашган. 2000 йилги прези-дент-лик сайловида 106 миллионга яқин сайловчи иштирок этган бўлса, сешанба куни ўтказилган президентлик сайловида 121 миллион киши овоз бергани айтилмоқда.

Сешанба куни демократлар партиясининг вакили Жон Эдвардс телевидениега берган интервьюсида, бу сафарги сайловларда қатнашганлар сони мисли кўрилмаган даражада кўп бўлиши ва худди ана шу фаоллик демократиянинг амалда эканини кўрсатиши ҳақида гапирганди.

Сайловолди компанияси давомида республикачилар сайловчиларга Бушни халқаро терроризмга қарши кураш етакчиси, солиқларни камайтириш ташаббускори ва анъанавий қадриятларга содиқ раҳбар деб кўрсатган бўлса, демократлар Бушни молиявий жиҳатдан масъулиятсиз, Ироқдаги урушни асоссиз бошлаган, одамлар орасига низо солувчи шахс сифатида таърифлаган.

Буш сешанба куни эрталаб Техас штатидаги Крофорд шаҳрида овоз берди. Шундан сўнг у Огаё штатига ўз компаниясини давом эттириш учун жўнаб кетишидан олдин, журналистларга шундай деди:
«Ўйлашимча, мен ютиб чиқаман ва мамлакатни бошқариб, халқни бирлаштиришда давом этаман. Менинг режаларим Американи хавфдан ҳимоя қилиш, мамлакат равнақини таъминлаш ва доимо олға юришдан иборат».

Керри ҳам сешанба куни Висконсин штатига ташриф буюриб, у ерда рўйхатга олинмаган сайловчиларни рўйхатдан ўтишга ва овоз беришга чақирганди. Хуллас, сайлов ҳам ўтди.
АҚШ сайлов тизими ҳақида тўхталиб ўтсак. Ушбу тизим жуда мураккабдир. АҚШ президентлик сайловлари овоз бериш жараёни орқали ўтказилмаслигини айтиб ўтиш лозим. Ҳар бир штатдаги овоз бериш ҳуқуқига эга фуқаролар сайлов участкасига бориб, бюллетенда исмлари кўрсатилган у ёки бу номзод учун овоз беради. Сайловлардан бир неча кун олдин ҳар бир штатда Сайловчилар коллегиясига вакиллар сайланади. Одатда, бу етакчи партиялар номзодлари бўлиб, ушбу коллегияга аъзо одамлар сўнгра штат номидан президентни сайлайди. Ҳаммаси бўлиб коллегияга 538 одам киради. Ҳар бир штатнинг аҳолиси сонига қараб, пропорционал равишда коллегия вакиллари сони белгиланади.

Президент этиб сайланиш учун номзод 270 овоз тўплаши керак. Чоршанбагача Буш 254, Керри 252 овоз олишга муваффақ бўлди. Лекин, ўша куни Керрининг эътироф этишича, ҳатто Огаё штатидаги овозлар санаб бўлинганида ҳам, у керакли овоз тўплай олмаслигини сезган. Шунинг учун муддатидан олдин АҚШ президентлигига Демократлар партиясидан номзод, сенатор Жон Керри ўзининг мағлубиятга учрагани ва Республикачилардан номзод Жорж Буш ғалаба қозонганини эътироф этди. АҚШнинг Массачусетс штатидаги Бостон шаҳрида чиқиш қилган Жон Керри Бушни ғалаба билан қутлаб, — ”Натижалар узоққа чўзиладиган суд жараёни орқали эмас, балки сайловчилар томонидан белгиланади. Мен ютишимизга кичик бир имкон борлигини билганимда, ҳеч қачон таслим бўлмас эдим. Аммо ҳозирда ҳатто шартли овозлар санаб чиқилганида, бизнинг Огаё штатида ғалаба қозона олмаслигимиз аниқ бўлди. Шу боис бу сайловларда ютиб чиқа олмаслигимизни эътироф этишга қарор қилдик”, — деди.

АҚШда бўлиб ўтган президент-лик сайловида ҳам аввалгисига ўхшаб қайси номзод кўпроқ овоз олганини дарҳол маълум қилиш имкони бўлмади. Юзага келган ноаниқликка биргина штатдаги вазият сабаб бўлди. Бундан тўрт йил олдин Флорида штати сайловчиларининг овози Бушнинг президент этиб сайланишига ёрдам берган эди.

Бу сафар эса, Огаё АҚШ президентини белгиловчи штатга айланди. Ушбу штат номидан Сайловчилар коллегияси берган овозлар жуда катта аҳамиятга эга. Чунки Огаё коллегияси 20 овозга эга. Огаё қонунларига кўра, шартли овозлар 10 кун давомида саналади.

Халқаро ҳамжамият аъзолари ушбу янгиликка муносабат билдира бошлади. Европа Комис-сия-си раҳбари Романо Проди Жорж Бушни табриклади. Россия Президенти Владимир Путин ҳам Бушнинг ғалабасини ижобий баҳолади. Хуллас, Буш 274 овоз билан 252 овозни қўлга киритган Керрини ортда қолдириб, АҚШ Президенти этиб сайланди.

Шерзод АҲМАТОВ тайёрлади