Шуша шаҳридаги бир қатор меъморий обидалар хавф остида

Тарихан Озарбайжон ери саналган Шуша шаҳридаги бир қатор меъморий обидалар қаровсиз қолмоқда. Бу ҳақда Америкадаги Монтана университети профессори Томас Гольц Trend агентлигига маълум қилади.

Қайд этилишича, Қорабоғ давлат тарих музейи, Шуша давлат драма театри, Гавҳар Оға масжиди ва бошқа бир қатор обидалар тақдири хавф остида.

Эслатиб ўтамиз, 8 май куни Шуша шаҳрининг Арманистон қуролли кучлари томонидан эгалланганига 24 йил тўлди. Мазкур шаҳар асрлар давомида Озарбайжоннинг маданият ўчоқларидан бири бўлиб келган. Қорабоғ хонлиги пойтахти бўлган шаҳарда юз йилликлар мобайнида улуғ санъаткорлар, шоир ва мусаввирлар яшаб келган. Масалан, Озарбайжон мумтоз мусиқаси отаси, мусулмон оламидаги илк опера муаллифи Узайр Ҳожибеков ҳам шу шаҳарда таваллуд топган. Шуша Озарбайжон муғоми ватани ҳамдир.

Боку ва Ереван ўртасидаги ҳарбий ихтилофлар пайти 1992 йил 8 май куни Шуша Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган.

“Шуша оккупацияси пайти 480 нафар тинч аҳоли вакили ўлдирилган, 600 дан ошиғи жароҳатланган, 22 мингдан зиёд аҳоли киндик қони тўкилган ватанида қочқинга айланган. Бундан ташқари, 68 киши, жумладан, аёллар ва болалар асир олинган. 6800 хўжалик, 44 мактаб, 279 маданий обида, жумладан, бир қанча масжид ва уй-музейлар вайрон қилинган”, – дейди профессор Томас Гольц.

1988 йили Тоғли Қорабоғ Озарбайжон таркибидан чиқиш ҳақида баёнот бергач, бир неча йил давомида ҳарбий тўқнашувлар давом этган. 1994 йил май ойида томонлар ўт очишни тўхташ борасида келишувга эришган. Икки давлат ўшандан буён ЕХҲТнинг Минск гуруҳи ва Россия, Франция, Германия ҳамда АҚШ иштирокида муаммо ечими борасида музокаралар юритиб келмоқда.

Расмий Боку Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.

Гарчи 1994 йилда келишув имзоланган бўлса-да, тўқнашувлар рўй бериб туради. Таҳлилчилар тинчлик келишуви жуда мўрт экани ва исталган пайт тўқнашув рўй бериши мумкинлигидан хавотир билдиради.

Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ўз ҳудуди эканини таъкидлаб келади. Расмий Бокуга кўра, Тоғли Қорабоғ муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил 30 апрель, 1993 йил 29 июль ва 1993 йил 14 октябрда қабул қилган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим.