Alliance Française фонди раиси Жером Клеман Ўзбекистонда меҳмон бўлди

Француз альянси (Alliance Française) фонди раиси Жером Клеман 4-6 май кунлари Тошкент ва Бухоро шаҳарларида бўлди, деб хабар беради Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати.

Ташриф давомида Ж.Клеман Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Европа мамлакатлари ва НАТО билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Д.Аҳадов ҳамда Адлия вазири ўринбосари А.Усмонов билан учрашди. Қайд этилишича, мулоқот чоғи томонлар Француз альянсининг Тошкентдаги бир йиллик фаолиятини қониқарли баҳолаган.

Франциялик юқори мартабали меҳмон Тошкентдаги Француз альянси раиси Ш.Миноваров, директори Ю.Мрачковская ҳамда ўқитувчилар жамоаси билан суҳбатлашди. Қолаверса, Француз альянсининг дунё бўйлаб фаолияти хусусида маъруза қилди.  

Ж.Клеман Бухорога сафар қилиб, мазкур тарихий шаҳарда Француз альянси шахобчасини очиш имкониятини ўрганиб чиқди.

Француз альянси фонди Парижда жойлашган бўлиб, у дунёнинг 5 қитъасидаги 800 дан ортиқ француз альянсларини бирлаштиради.  Фонд сайёрамиздаги энг йирик маданий муассасалар тармоғи сифатида эътироф этилган.

Фонд раиси Ж.Клеман Франция ҳукуматида маданият жабҳасида нуфузли вазифаларни бажарган. Хусусан, у 1989 йили “Аrte” француз-олмон маданий телеканалига асос солиб, 2011 йилга қадар уни бошқарган.

Тошкентда Француз альянси 2015 йил ёзда очилган. Уни таъсис этиш тўғрисидаги битим 2014 йил 7 ноябрда Парижда Ўзбекистон ва Франция Ташқи ишлар вазирлари томонидан имзоланган.

Француз альянсининг асосий мақсади Ўзбекистонда француз тилини ўргатишга ҳисса қўшиш, турли маданий тадбирлар ўтказиш орқали икки давлат халқларининг бир-бирини чуқур англашига кўмаклашиш, ўзаро дўстликни ривожлантириш, Ўзбекистондаги француз тили мутахассисларига услубий кўмак кўрсатиш ҳамда француз тили ва маданиятини кенг тарғиб этишдан иборат.