Шоира Турсуной Содиқова вафот этди

Филология фанлари номзоди, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Турсуной Содиқова вафот этди.

Турсуной Содиқова 1944 йил 24 мартда Андижон шаҳрида хизматчи оиласида дунёга келган. У икки ёшлигида оиласи Тошкент шаҳрида яшай бошлаган. 1961 йилда ҳозирги Шайхонтаҳур туманидаги 82-ўрта мактабнинг ўнинчи синфини тугатган. 1966 йилда эса Миллий Университетнинг (у пайтдаги ТошДУ) филология факультетини имтиёзли тамомлаган. Дастлабки меҳнат фаолиятини Андижон шаҳрининг мактабларида бошлаган, шаҳар ёшлар қўмитасида бир неча йил мактаблар бўлимини бошқарган, аммо ўқитувчиликни меҳр қўйган асосий касби деб билган. Етмишинчи йилларнинг бошидан бошлаб республика матбуотида унинг маориф ва тарбия муаммолари мавзусидаги мақолалари чоп этила бошлади. Шу йиллари Республика Халқ таълими вазирлигининг қатор Фахрий Ёрлиқлари билан тақдирланди.

1979 йилдан бошлаб Андижон Тиллар педагогика институтида катта ўқитувчи сифатида фаолият кўрсатди. Унинг маънавий тарбияга бағишланган «Андиша», «Меҳригиё», «Бахт нима» каби рисолалари шу йиллари чоп этилди. Худди шу йиллари Турсуной Содиқова «Эркин Воҳидов шеъриятида анъана ва новаторлик» мавзусида илмий изланишлар олиб борди ва унинг натижаси ўлароқ «Ўзбек шеъриятида анъана ва новаторлик» ва «Эл устозим» каби китоблари дунёга келди. Олий мактабдаги хизматлари учун 1986 йилда «Шавкатли меҳнати учун» медали билан мукофотланди.

У 1991 йили вилоят аёллар қўмитасининг раиси этиб сайланди ва шу йиллари жамоатчилик асосида вилоят Болалар фонди раислигини ҳам бирга олиб борди. У «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» унвони билан тақдирланди.

Шоира 1996 йилдан бошлаб Республика маънавият ва маърифат марказида бўлим мудири сифатида иш бошлади. Турсуной Содиқова маънавият соҳасидаги хизматлари учун 1998 йили «Шуҳрат» медали билан мукофотланди.

Унинг ахлоқ-одоб масалаларига, оила муомалаларига бағишланган илмий, бадиий-фалсафий асарлари: «Меҳр қолур» (1997), «Ҳазрати аёл» (1998), «Ёнингдаги бахт» (1999), «Болам дерман» (2000), «Ўғлим сенга айтаман ва қизларга аталган сўзлар» (2002), «Келин бўлиш илми» (2003), «Куёв бўлиш илми» (2003), «Қайноналик илми» (2003), «Оға-инилик илми» (2003), «Ризолик излаб» (2004), «Яшаш тилсими» (2004), «Мураббий ким?» (2006), «Нозик савол» (2007), «Жаннатим онам» (2007), «Аёлга қасида»  (2013).

Шоиранинг 1976—1995 йиллар оралиғида «Куй», «Гул фасли», «Атиргул иси», «Дил гавҳари», «Иқбол», «Излай-излай топганим», «Гиря» номли шеърий тўпламлари чоп этилди.