Қуръони карим эълон этилгандан сўнг (Шайх Алоуддин Мансур ва Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон суҳбати) (1994)

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

САВОЛ. Алоуддин ака, Қуръони Каримнинг Сиз амалга оширган ўзбекча маъно таржимаси журналимизда эълон қилинганига ҳам, мана, икки йил бўлибди. Руҳоний ва дунёвий ҳаётимизда улкан ҳодиса бўлган бу ишнинг фойдаси, аҳамияти, иншооллоҳ, келгусида янада яққолроқ кўринажак ва хайрли бўлажак. Ҳозир бевосита таржима хусусида ва жамиятнинг бу таржимага муносабати ҳақида бир-икки оғиз суҳбатлашиб олсак. Аввало, билишни истаймизки, таржимадан кўнглингиз тўлдими?

ЖАВОБ. Ҳақ таолога беадад ҳамду санолар ҳамда Ул зотнинг ҳабиби ва сўнгги пайғамбари ҳазрати Муҳаммад Мустафога дуруду саломлар бўлсинки, Яратганнинг инояти билан кейинги йилларда диёримиз мўмин-мусулмонлари учун дину иймон йўли очилиб, халқимиз динсизлик асоратидан аста-секин халос бўла бошлади. Инсониятни жаҳолат зулматларидан қутқариб, иймоннинг мунаввар йўлига бошлаган Оллоҳнинг каломи бўлмиш Қуръони Каримни, барча пайғамбарлар сарвари Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларини ва аллома аждодларимиздан бизларга маънавий мерос бўлиб қолган диний китобларни ўқиб, ўрганиб, мутолаа қилиш имкониятига эга бўлдик. Қуръони Карим маъноларининг замонавий ўзбек тилидаги изоҳли таржимаси дунёга келди. Каломуллоҳ маъноларини халқимизга биринчи бўлиб етказиш бахти жумҳуриятнинг етакчи адабий ойномаси «Шарқ юлдузи»га насиб этди. Мен ўша ёруғ кунларни миннатдорлик ва мароқ билан эслайман. Журнал ходимлари — бош муҳаррирдан тортиб мусаҳҳиҳгача бу савобли ишга катта диққат-эътибор ва масъулият билан киришган эдилар. Агар Қуръони Карим таржимаси журналда тўла икки йил давомида эълон қилинган бўлса, қарийб ҳар бир сон учун тайёрланган жузъ устида таржимон билан муҳаррирлар ўртасида кескин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтар эди. Ҳар сафар янги қилинган таржимани етказиб берар эканман, телефон олдида таҳрир учун масъул Омон Мухтор ва Анвар Турсунларнинг «ҳужум»ларига қарши ҳозирлик кўриб турар эдим. Чунки улар таржиманинг илк ўқувчилари ва, таъбир жоиз бўлса, илк танқидчилари ҳам эдилар. Шунинг учун ҳар бир сура, балки ҳар бир оят таржимасини ўта диққат билан ўқишар ва иложи борича бирон камчилик топишга «ҳаракат» қилишар эди. Муҳаррирларимиз бу Илоҳий асар таржимасини имкон қадар ўқувчига тушунарлироқ бўлишига аҳамият беришар, шу сабабдан айрим ўринларда то мен улар талаб қилган изоҳларни ёзиб бермагунимча ёки Ўткир ака ўртага тушиб ҳар икки тарафни инсофга чақирмагунча, Тошкент билан Ўш ўртасидаги «телефон жанги» давом этаверар эди. Табиийки, бундай баҳс-мунозаралар натижасида таржима фақат ютар ва сайқал топар эди. Лекин шу ўринда мен муҳтарам ўқувчиларимизни хотиржам қилиш учун шуни маълум қилиб қўйишга бурчлиманки, муҳаррирлар томонидан камина амалга оширган таржимага бирон сўз қўшилгани ҳам ёки қисқартирилгани ҳам йўқ.

Энди саволингизга келсак, хўш, менинг ўзим бу таржимадан кўнглим тўлдими ёки йўқми? Аввало, Илоҳий Калом маъноларини У нозил бўлган тилдан бошқа бир тилга ўгириш шунчаки ҳавас билан ёки қўлдаги қаламни чархлаб олиш учун қилиб қўяверадиган осон иш эмаслиги аён бир ҳақиқатдир. Бинобарин, мен ҳам қарийб йигирма йиллик тайёргарлик сўнгида бу муборак ишга қўл урар эканман, кўзим ўнгида ва дилим тўрида мудом Оллоҳнинг ризолиги, ул Зот олдидаги буюк масъулият ва рўзи маҳшарда Унинг ҳузуридаги жавобгарлик юки турди. Бу шундай шарафли ва айни пайтда ўта вазмин бир юк эдики, унинг олдида ўзимга ўхшаган ожиз бандаларнинг менинг таржимамга нисбатан билдирадиган муносабатлари — уларнинг олқишлари ёки танқидлари жуда енгил нарсага айланиб қолади. Шунинг учун мен Яратганнинг Ўзидан мадад тилаб, ниҳоят даражада чекланган диний билимим ва иқтидорим етганича бу Илоҳий Калом маъноларини, Унинг услубидаги пурмаъно тиғизлик, таранглик ва шиддат билан ёнма-ён келадиган, ҳар бир оят тахтидан уфуриб турган Қудсий Меҳрни, сўз ила ифодалаб бўлмайдиган даражада бемисл фасоҳат-балоғат билан баробар турган, ҳар бир ақл эгаси англай оладиган буюк соддаликни ва ниҳоят Илоҳий амру фармонлардаги турфа оҳанг ва мазмун товланишларини ало қадри ҳол миллатдошларимизга етказишга ҳаракат қилдим. Лекин Қуръони Карим шундай тубсиз денгиз эканки, ундаги тенгсиз ва бебаҳо жавоҳиротни то қиёмат териб битказиб бўлмас экан. Шу боисдан ҳам неча асрлардан буён не-не алломайи замонлар бу Илоҳий китобларга юзлаб тафсирлар — шарҳлар битдилар-у, аммо биронта инсон мен бу денгизнинг тубига ета олдим, деб даъво қила олмайди. Қўлимиздаги таржима ҳам ўша ўтган устозларнинг китобларидан фойдаланиб, халқимизни Каломуллоҳ томонига буриш илинжида қилинган бир ҳаракат бўлиб, шундай шарафга муваффақ қилгани учун мен Яратганга беадад шукрлар айтаман.

Шу ўринда муҳтарам ўқувчиларимизга уқтириб ўтмоқчиманки, Қуръони Карим кўз қири билан ўқиб қўя қоладиган китоб эмасдир. Уни фаҳмламоқчи бўлган киши чин ихлос-ла, бутун вужуди билан берилиб қайта-қайта ўқиган тақдирдагина бу азиз Китоб маъноларига етиб бора олади.

САВОЛ. «Қуръони Карим маънолари таржима қилиняпти экан, яқинда эълон қилинаркан», деб кутиб юрилган кунларда халқ орасида қизиқиш ниҳоятда катта, умумий кайфият ҳам бўлакча эди. Кейинроқ, назаримда, бу қизиқиш бир оз сусайгандек, одамлар сал бепарво бўлиб қолгандек туюлди. Сизга ҳам сезилдими бу ҳол? Таржима муаллифи сифатида бу ҳолнинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

ЖАВОБ. Менимча, бу ҳолнинг бир неча сабаблари бор. Биринчидан, Қуръони Карим таржимаси бошланаётган ўша даврда инсонларнинг руҳоний ҳаётларини оёқости қилиб келган даҳрий тузум энди емирила бошлаган, руҳоний ташналикдан азият чекаётган минг-минглаб кишиларда Каломуллоҳ маънолари билан танишиш имконияти вужудга келгани ҳақидаги хушхабар катта қизиқиш уйғотган эди. Иккинчидан, эсласангиз керак, ўша пайтларда оммавий ахборот воситаларида диний-руҳоний мавзу марказий ўринларни ишғол қилган эдики, бу ҳодиса ҳам халқимизда динга ва диний китобларга муайян қизиқиш уйғотиши табиий эди. Лекин, кейинчалик, кишилар Қуръони Карим маънолари билан таниша бошлагач, аввало, улар бу Китобда ўзлари учун нотаниш бўлган янги бир услубга рўбарў келдилар ва, табиийки, улар учун бу қадимий ва айни пайтда янги Сўзни қабул қилиш осон кечмади. Эҳтимол, бу ҳолга, айрим биродарларимиз тўғри таъкидлаганларидек, таржимадаги изоҳларнинг камлиги ҳам муайян таъсир кўрсатгандир. Аммо, менинг назаримда, асосий сабаб бошқа ёқда. Асосий сабаб шуки, Қуръони Карим, ушбу Илоҳий калом, бошқа башарий китоблардан фарқли ўлароқ, ўқувчининг олдига, ўқиган ҳар бир оятга амал қилиш вожиб, деган қатъий талабни кўндаланг қилиб қўядики, ҳамма ўқувчилар ҳам бундай олий ҳимматга эга бўлмасликлари турган гап. Демак, Қуръон нашрига «бир зўр классик асар» деб ёки бир «маданий-маънавий обида» деб кўз тутган кишилар учун эҳтимол Каломуллоҳ юки вазминлик қилгандир. Ҳар ҳолда, биз бу ҳолни Қуръон ўқувчилари камаяётибди деб эмас, балки сараланаётибди деб баҳоласак, тўғрироқ бўлар. Қолаверса, Қуръони Карим таржимаси турли нашриётларда кетма-кет, мисли кўрилмаган саноқда — милён нусхада чоп этилиб, халқимизга тарқалиб кетганини ҳисобга олсак, бу азиз Китобнинг харидорлари унчалик ҳам кам эмаслигини кўрамиз.

САВОЛ. Бизнинг кузатишимизча, Қуръони Каримнинг таржима этилишини юз фоиз қўллаб-қувватловчилардан тортиб, «Каломуллоҳ таржима қилинмаслиги керак эди, энди у илоҳийлик мартабасидан ерга тушиб қолди», деган маънода кескин рад қилувчиларгача бўлди. Қизиғи шундаки, бу масалада дунёвий уламолар ҳам, диний уламолар ҳам иккига бўлиниб қолдилар. Ҳатто ўша пайтларда жумҳурият компартияси марказий қўмитаси котиби номига бир дорилфунун доцентидан «Қуръоннинг «Шарқ юлдузи» журналида босилишини ахлоқсизлик деб ҳисоблайман», деган мазмунда телгром ҳам юборилган. Жамиятнинг бу тариқа турфа муносабатини Сиз қандай шарҳлайсиз?

ЖАВОБ. Дарҳақиқат, Қуръони Карим таржимаси дунё юзини кўриши билан жамият томонидан хилма-хил муносабатларга дуч келди. Аввало, халқимизнинг аксари қисми бу муборак ишни хушнудлик билан кутиб олганликларини таъкидлаш жоиздир. Энди қаршиликларга келсак, айрим диндорларимиз, гарчи ўзлари Қуръони Карим маъноларининг таржима-тафсир қилинишидан хурсанд бўлсалар-да, лекин уни алоҳида китоб шаклида бўлмай, балки бир адабий журналда чоп этилаётганидан хавотирга тушган ва бу иш Қуръонга нисбатан ҳурматсизлик бўлмасмикин, деган андишани изҳор қилган эдилар. Уларнинг бу хавотирларига журнал ўз вақтида ўринли жавоб қилган эди («Шврқ юлдузи», 1990 йил, 7-сон, 169—170-бетларга қаралсин). Дарвоқеъ, ўша сонда Сиз эслаб ўтган телгромнинг матни ҳам тўла берилган эди. Гарчи, ҳозирги вазиятимиздан қараганда, Қуръон таржимаси хусусида компартия идорасига арз қилишнинг ўзи ахлоқсизлик бўлиб кўринса ҳам, ўша вақт нуқтаи назари билан боқиб шикоятчини айблаб бўлмасди. Аммо мени телгромдаги иккинчи жумла ҳайратга солган эди. Унда: «Уни (Қуръонни) яхшилаб тайёрлангандан кейин алоҳида китоб қилиб, фақат обуна йўли билан олий ва ўрта махсус маълумотли одамларга тарқатиш…» кераклиги ёзилган эди. Ўшанда мен: «Бу доцент акамиз Қуръони Каримни ўқиб, ўрганиб, унга амал қилиб ўтган ота-боболаримизнинг ҳаммаларини олий ва ўрта махсус маълумотли кишилар, деб ҳисоблайдилар шекилли», деб ўйлаган эдим.

Энди «Каломуллоҳ таржима қилиниши билан осмондан ерга тушиб қолди», деган хавотир билан бошлари қотиб юрган биродарларимизга келсак, улар ё ҳақиқатан ҳам Қуръон осмондан — Оллоҳ таоло томонидан ерга — Муҳаммад алайҳиссаломга ва у зот воситалари билан бутун инсониятга тушганидан бехабарлар, ёки халқимиз Қуръони Карим маъноларидан хабардор бўлиб қолишидан қўрқадилар. Ҳолбуки, Каломуллоҳ Жаноби Ҳақ томонидан бизларга уни фақат қабристонларда ёки ўлик чиққан хонадонларда ўқишимиз ёхуд сандиқларда авайлаб-асрашимиз учун эмас, балки онгли ҳаётимизнинг ҳар бир нафасида ўқиб, маъноларининг фаҳмига етиб, унга амал қилишимиз учун туширилган-ку! Ҳолбуки, Қуръон, агар таъбир жоиз бўлса, Парвардигоримиз томонидан бизларга юборилган Илоҳий Мактубдирки, унда, агар ўқиб, уқиб, амал қилсак, икки дунёимиз саодатини таъмин этадиган Илоҳий йўл-йўриқ ва амру фармонлар бордир. Хўш, энди агар Қуръон тилидан бехабар бўлсак-чи? У ҳолда бу азиз Китобнинг маъноларини ўз тилимизга ўгириб, имкон қадар Каломуллоҳга яқинлашиш бизларнинг эзгу вазифамиз ва муқаддас бурчимиз бўлиб қолмайдими?! Ахир, мактуб юборган Зот ўқувчилар фақат у мактубнинг оҳангларига маҳлиё бўлишларидан ёки ўша мактуб битилган варақнинг ҳошиясидаги безакларга ҳушлари учиб, мафтун бўлиб қолишларидан рози бўлмаса керак. Аксинча, шундай Илоҳий Мактуб олиш бахтига ноил бўлган ҳар бир ўқувчи — Инсон дарҳол ундаги Илоҳий фармонларни ўқиб-ўрганиб, уларни имконияти етганича ижро қилишга киришмоғи лозимдир. Мен мана шундай мулоҳазалардан келиб чиқиб Каломуллоҳ маъноларини миллатимизга етказишга ҳаракат қилдим. Ҳа, Қуръони Карим таржимасига нисбатан турфа муносабатлар бўлди. Лекин, нафсиламрни айтганда, мен ўз таржимамни эълон қилар эканман, етмиш йиллаб динсизлик оғуси билан заҳарланиб келаётган халқимиздан бундан-да кескинроқ, бундан-да нохушроқ қаршилик қилишларини кутган эдим. Қолаверса, арабларда шундай бир нақл ҳам бор-ку: «Ман саннафа, фақод истаҳдафа», яъни, «Ҳар кимки бирон асар тасниф қилса (ёзса), муҳаққақки, у ҳар тарафдан отиладиган ўқлар учун нишонга айланади». Яратганга шукроналар бўлсин, У зот аввал бандаларининг дилларини ўз каломига мойил қилиб қўйиб, сўнгра бизга ушбу Каломни таржима қилишни насиб этган эканки, мутлақ кўпчилик ҳаммиллатларимиз бу воқеани хурсандлик билан кутиб олдилар.

САВОЛ. Таржима журналда эълон этилиб бўлгач, бир неча марта ва турли нашриётларда китоб ҳолида чоп этилди. Лекин, афсуски, матнда бир оз фарқлар кўзга ташланяпти. Имловий хатолар ҳам анча-мунча. Ҳатто бир нашрда «Ҳужурот» сурасидан 4-оятнинг давоми ва 5-оятнинг бошлари тушиб қолиб, иккала оят қўшилиб кетган. Буларнинг сабаби нимада ва масъулиятини ким бўйнига олади?

ЖАВОБ. Нуруллоҳ, бу саволингиз билан Сиз менинг ҳам дилимни ўртаётган бир муаммони ўртага ташладингиз. Айтиб ўтганимдек, Қуръони Карим таржимаси журнал саҳифаларида, «Чўлпон» нашриётида ва Ғафур Ғулом нашриётида кетма-кет қарийб милён нусхада чоп этилди. Мен ҳар бир нашрни таржима муаллифи сифатида интиқлик билан, лекин шу билан баробар хавотир билан кутадиган бўлиб қолдим. Чунки қайси нашрни олиб қараманг, ортиқ даражада имловий хатолар, ҳатто айрим сураларда бутун-бутун оятлар таржимаси тушиб қолиши кишини ранжитади. Аёнки, бу бир томондан ўқувчини чалғитса, иккинчи томондан нашриётнинг Каломуллоҳга нисбатан бепарволигини кўрсатади. Тўғри, китоб чоп этиш, хусусан, Қуръони Карим тафсиридек ўта мураккаб китобни нашр қилиш жараёни жуда қийин ва меҳнатталаб жараён экан, лекин бу ҳол ҳеч бир нашриётни ўтиб кетган хатолар учун масъул бўлишдан озод қила олмаса керак.

САВОЛ. Қуръони Каримда Оллоҳ таоло ақл эгаларига кўп бор мурожаат қилади. Ниҳоят Қуръони Каримнинг маъноларини ўз она тилларида ўқишга муяссар бўлган аксари ақл эгаларида «Нега? Нега? Нега?» деган саволлар кўпайиб қолди. Яъни, мукаммал тафсирларга муҳтожлик сезиляпти. Агар тез орада бу «Нега?»ларга қониқарли жавоб берилмаса, жамият яна боягидай қоронғиликда қолавериши мумкин… Масалан, бир ёзувчи акамиз бир куни: «Қуръони Каримни ўқиб чиқдим, аммо жаннатда ибодат қилинадими, йўқми — жавоб тополмадим», деди. Яна бир куни: «Нега Оллоҳ таоло яхши амал қилганларга охиратда нуқул моддий неъматлар ваъда қилади? Нега маънавий неъматлар ҳақида сўз йўқ? Нима, жаннат фақат моддий неъматлар маконими?» деб қолди. Албатта, бундай саволлар рад маъносида эмас, ҳақиқатан билгиси келганидан туғилган саволлардир. Демак, ақл уларга жавоб истайди. Шу масалада нималар дея оласиз?

ЖАВОБ: Дарҳақиқат, мукаммал тафсирларга муҳтожмиз. Чунки бизнинг авлод Қуръони Карим сирлари билан энди-энди ошно бўла бошладики, бу азиз Китобнинг мазмун-моҳиятини тўлароқ англаб етишимиз учун бизлар ўнлаб, балки юзлаб шарҳу тафсирларга муҳтожмиз. Иншооллоҳ, келгусида бу орзу-истакларимиз ҳам рўёбга чиқар. Аммо ҳозирча борига барака деганларидек, қўлимиздаги тафсир-таржимага мурожаат қилиб, уни қайта-қайта ўқисак, ўйлайманки, ўзимизни қийнаб юрган кўплаб «Нега?»ларга жавоб топсак керак. Зотан, ақл эгаларининг вазифаси фақат турли саволлар топиш эмас, балки, ўқилган оятлар зимнидан, жумлалар орасидаги ҳаводан — иқлимдан ўзгаларнинг фаросати етмаган жавобларни ҳам топишдир. Бунинг учун, аввало, қўлимиздаги Китобнинг эгаси аввалу охирни, дунё ва охиратни Ўз қабзасида ушлаб турган Зот эканлигини бир нафас бўлсин унутмаслигимиз керак. Оллоҳнинг Каломи ҳам У зотнинг Ўзи каби юксак, қудратли ва ҳикматли эканини ҳар дақиқа ёдимизда тутишимиз лозим. Яъни, бу азиз Китоб ҳузурига йиллар давомида кўнглимизга инган ғуборлар ва ақлимизни ишғол қилган шубҳалар билан эмас, балки тоза дил ва соф ақл билан келсак, чин иймон ва ихлос билан келсак, ана шунда ундан кўнглимиз таскин топадиган, ақлимиз ором оладиган барча жавобларни оламиз. Ана шунда барча оламлар Подшоҳининг ҳузуридан бизнинг саодати абадиййатимизни таъмин этадиган тўхтам-қаноатни ва собит эътиқодни топамиз. Ана шунда, сиз юқорида эслаб ўтган саволларнинг жавоби Қуръони Каримда қайта-қайта келадиган: «У жойда (жаннатда) жаннат аҳлларининг кўнгли тилаган барча нарса муҳайёдир», деган мазмундаги ояти каримада эканлигини жуда осон кўра оламиз ва инсониятни мудом маънавиййат юксакликларига кўтарилишга ундаган, моддага қул бўлиб қолмасликка буюрган Оллоҳ таоло, маънавий баркамол, собит эътиқодли кишиларга жаннат неъматларини ваъда қилган Парвардигоримиз ҳеч қачон аҳли жаннатни у жойда маънавий неъматдан маҳрум қилиб қўймаслигига иймон келтирамиз.

Нуруллоҳ, мен бу сўзларим билан Қуръони Каримни ўқиганларда ҳеч қандай савол туғилиши мумкин эмас, демоқчимасман, балки дилимизга келган ҳар қандай савол-иштибоҳ билан яна Қуръоннинг ўзига мурожаат қилсак ва уни диққат-эътибор билан, ихлос-эътиқод билан мутолаа қилсак, барча «Нега?»ларнинг жавобини Каломуллоҳдан топа олишимизни айтмоқчиман. Оллоҳ таоло барчаларимизни Қуръони Каримни ўқиб, уқиб, унга амал қиладиган бандалари қаторига қўшсин!

“Шарқ юлдузи” журнали, 1994 йил, 3-4-сон