Шири Шириев: “Туркманистон ва Ўзбекистон ҳамкорлиги мустаҳкам таянчга эга”

Жорий йил 21 февраль куни Туркманистон Республикасининг Тошкентдаги элчихонасида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Туркманистоннинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Шири Шириев расмий Ашхобод ташқи сиёсатининг 2017 йил якунлари ва галдаги режалари хусусида сўзлаб берди.

Тадбирда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, мамлакатимизда рўйхатдан ўтган халқаро ташкилот ва элчихоналар ходимлари ҳамда журналистлар қатнашди.

Дипломат Шири Шириев 2017-2023 йилларда Туркманистон ташқи сиёсат концепциясини амалга ошириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётганини қайд этди. Бу борада ўтган 2017 йилда Туркманистонга бир қатор халқаро ташкилотлар ва давлатлар раҳбарларининг ташрифи амалга ошди. Ўз навбатида, Туркманистон Президенти хорижий давлатларга сафар уюштирди.

Расмий Ашхобод халқаро ташкилотлар, хусусан, БМТ доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, 2017 йилда Ахшободда БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази очилганининг 10 йиллиги нишонланди.

2017 йил 13 июнда Ашхободда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов БМТ Бош котиби Антониу Гутерреш билан музокаралар ўтказди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 2017 йил 2 февраль куни бўлиб ўтган 71-сессиясида 12 декабрь Халқаро бетарафлик куни деб эълон қилинди.

Туркманистон раҳбарияти Марказий Осиё хавфсизлигининг асосий омили сифатида Афғонистонда барқарорликни мустаҳкамлашга катта аҳамият бермоқда. 2017 йил 14-15 ноябрь кунлари Ашхободда Афғонистон бўйича минтақавий иқтисодий ҳамкорлик анжумани (RECCA VII) бўлиб ўтди. Ўнлаб нуфузли делегациялар иштирок этган тадбир якунида Ашхобод декларацияси қабул қилинди.

Элчи Шири Шириев 2017 йилда Туркманистон Халқаро энергетика хартияси конференциясида раислик қилгани ва бу бўйича ҳам бир қатор тадбирлар ташкил этилганини таъкидлади.

2017 йилнинг 17-27 сентябрь кунлари Ашхободда Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинлари бўлиб ўтди. Марказий Осиё минтақаси илк бор мезбонлик қилган ушбу халқаро мусобақа Туркманистоннинг спорт дипломатияси борасидаги саъй-ҳаракатлари натижаси бўлди.

Туркманистон элчиси Ўзбекистон билан ҳамкорлик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганини ҳам мамнуният ила қайд этди. Бунда икки давлат раҳбарлари ўртасида қарор топган яқин дўстлик, ишонч ва самимият муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилда бир неча бор Туркманистонга сафар қилди ва Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан мулоқот олиб борди.

“Икки қардош мамлакатнинг давлат раҳбарлари ўртасидаги мулоқот мунтазамлик касб этгани Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашда стратегик аҳамиятга эга. Мазкур учрашувлар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга янги суръат бағишлади, узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган шерикликнинг барча йўналишларига мустаҳкам пойдевор қўйди. Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзолангани бунинг ёрқин тасдиғидир”, – деди элчи Шири Шириев.

Қайд этилишича, икки томонлама муносабатларимизда минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш масаласи алоҳида аҳамиятга эга. Шу ўринда мамлакатларимизнинг мазкур масалага доир ёндашувлари ўзгармас ва изчилдир. Туркманистон ва Ўзбекистон Марказий Осиёнинг тинч ва барқарор тараққиётини таъминлайдиган мустаҳкам ва самарали механизмларни яратиш, яхши қўшничилик муносабатларига риоя этиш ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олишнинг қатъий тарафдори.

Тинчлик ва хавфсизлик масалалари билан бир қаторда мамлакатларимиз барқарор тараққиётнинг муҳим таркибий қисмлари – энергетик хавфсизлик, халқаро транспорт-транзит алоқасини ривожлантириш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида биргаликда ҳаракат қилмоқда.

Туркманистон ва Ўзбекистон минтақада йирик энергетик лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Йилига 25 миллиард куб метргача газ еказиш қувватига эга Туркманистон – Ўзбекистон – Қозоғистон – Хитой газ қувури лойиҳаси шулар жумласидандир.

“Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатлари бугун ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкам, дея қатъий айта оламан. Биз келажакка ишонч билан қарашимиз, узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган ҳамкорлик режаларини ишлаб чиқишимиз учун барча асослар мавжуд”, – деди Туркманистон элчиси.

Дипломатга кўра, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар асрлар мобайнида шаклланган яхши қўшничилик, умумий тарих, тил, маданият, анъана ва урф-одатлар ўхшашлигига асосланган. Бугун давлатлараро ҳамкорлик ана шундай мустаҳкам пойдеворга таянган ҳолда изчил ривожланиб бормоқда.

С.Салим