Ўтган ҳафта Шимолий Осетиянинг Беслан шаҳрида содир этилган мудҳиш хунрезлик дунё афкор оммаси, алалхусус, Россия жамоатчилигини чуқур изтироб ва танг аҳволга солиб қўйди. Мамлакат тараққиёти бир лаҳзага тўхтаб қолди гўё. Россиянинг яқин тарихида бу каби даҳшатли фожиа, бу каби шафқатсиз жиноят рўй бермаган эди
Шимолий Осетиянинг Беслан шаҳрида жойлашган 1-мактаб ўқувчилари 1 сентябр — билимлар куни кўнглида бир дунё ширин орзулар билан мактабга келишганди, лекин уларни даҳшатли қирғин қарши олди. Кутилмаганда, мактаб биносига қуролланган жангарилар бостириб кирди ва бу ерга йиғилган мингга яқин ўқувчи, ўқитувчи ва ота-оналарни гаровга олди. Гаровга олинган бегуноҳ ва маъсум гўдакларни мактаб спорт залига қамаган террорчи кимсалар Россия ҳукумати олдига иккита талабни қўйди: Ингушетия маъмурий марказига қарши уюштирилган ҳужумларда асир тушган террорчиларни озод қилиш ва Чеченистондан Федерация қўшинларини олиб чиқиб кетиш. Мамлакат хавфсизлик кучлари фавқулодда вазиятни бартараф этиш учун тезкор чора-тадбирлар кўришга киришди. Жангариларга бемалол-бехатар ўз манзилига етиб олиш таклиф этилди. Бироқ тинч музокараларга келишган қўпорувчилар ўз сўзида турмай болалар ва хавфсизлик кучларини ўққа тутди. Шу тариқа воқеалар шиддатли тарзда ривожланиб кетди. Федерал хавфсизлик кучлари бинони ҳалқа шаклида ўраб олди ва мактаб ичкарисига кириб борди. Гаровдагиларни озод қилиш операциясида 32 нафар террорчининг 30 таси ўлдирилди. Бироқ икки ўртадаги тўқнашув пайтида юзлаб мактаб ўқувчилари, ота-оналар ва муаллимлар ҳам қурбон бўлди.
Сўнгги расмий маълумотларга қараганда, Беслан фожиаси оқибатида 335 киши ҳаётдан кўз юмган. Лекин бу ҳам энг сўнгги рақам эмас. «Франс-пресс» ахборот агентлиги ўз мухбирлари маълумотларига таяниб, Бесланда 394 киши ҳалок бўлганини хабар бермоқда.
Россия бош прокуратураси вакилининг билдиришича, Шимолий Осетиядаги терактда бир қанча миллат вакиллари иштирок этган ва улар чечен айирмачилари етакчиларидан бири Шомил Басаевга алоқадор бўлиши мумкин.
Бугун Шимолий Осетиянинг мўъжазгина Беслан шаҳри қабристонни эслатади. Машъум фожиа шаҳардаги деярли ҳар бир хонадонга қора кўланкасини солиб ўтди. Кимнингдир жондан азиз фарзанди, кимнингдир меҳрибон онаси ва яна кимнингдир туғишган жигарбанди бевақт ҳаётдан кўз юмди.
Айни пайтда Шимолий Осетия шифохоналари оғир аҳволдаги беморлар билан тўлиб тошган. Жой етишмаганлиги туфайли беморлар қўшни ҳудудлардаги шифо масканларига юборилмоқда. Шоҳидларнинг сўзларига қараганда, шифохоналарда айни дамда 565 бемор (улардан 347 нафари болалар) мавжуд. Яна 200 дан зиёд киши бедарак йўқолган. Бедарак кетганларнинг ота-она, яқинлари кўзда ёш билан мактаб вайроналарини кезишмоқда…
Фожиа муносабати билан 6-7 сентябр бутун Россияда мотам кунлари деб эълон қилинди. Шимолий Осетия ҳукумати ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик ва узрхоҳлик билдирди ҳамда бўлиб ўтган қонли воқеада мамлакат раҳбариятининг ҳам маълум даражада айби борлигини эътироф этди. Президент Владимир Путин содир этилган улкан миқёсдаги жиноятчилик Россия халқига, рус давлатига қилинган тажовуз эканини таъкидлади ва Беслан фожиасига террорга қарши курашнинг сусайтириб юборилгани сабаб бўлганини тан олди.
Айтиш жоизки, террорчиларнинг ёвуз мақсадларига эришиш йўлида бегуноҳ инсонларни гаровга олиши Россияда сўнгги йилларда бир неча маротаба кузатилди.
1995 йилнинг 14 июньида Шомил Басаев бошчилигидаги айирмачилар тўдаси Чеченистон чегарасида жойлашган Будёновск шаҳри шифохоналаридан бирида 2000 га яқин кишини гаровга олди. Муваффақиятсиз якунланган музокаралардан кейин икки ўртада тўқнашув бўлди ва натижада 100 дан ошиқ киши қурбон бўлди.
Орадан бир йил ўтгач, гаров операцияси айни шу стсенарийда такрорланди: 1996 йил 9 январьда Салмон Радуев раҳбарлигидаги жиноятчи гуруҳ Чеченистоннинг Қизлар шаҳридаги шифохонада 3000 кишини гаровга олди. Музокаралардан кейин ҳибсдагиларнинг аксарияти озод қилинди. Жангарилар эса Чеченистон томон юриш бошлади. Россия хавфсизлик кучларининг айирмачи тўдага қарши ҳужуми вақтида 80 га яқин киши ҳалок бўлди.
Бундан икки йил олдин Москва театрларидан бирида ҳам айни шу каби ҳодиса кузатилгани кўпчиликнинг ёдида. 2002 йилнинг 23 октябрида чечен айирмачилари Москванинг Дубровка мавзесидаги театр марказида 800 га яқин кишини гаровга олди. Жангарилар одатдаги талаб билан чиқишди: Россия ҳарбий кучлари Чеченистондан олиб чиқиб кетилиши керак! Заҳарловчи газ ёрдамида амалга оширилган қамал операцияси пайтида террорчиларнинг барчаси (41 киши) ва гаровга олинганларнинг 129 нафари ҳалок бўлди.
Хуллас, Кавказнинг пана-пастқам ковакларига ин қурган қўпорувчилар бегуноҳ тинч аҳолини гаровга олиш борасида устаси фаранг бўлиб кетди. Бироқ бу сафар террорчилар ёвуз мақсади йўлида ҳар қандай жирканчликдан қайтмаслигини исботлади: дунёга келиб ҳали ёруғ кунлар нелигини кўрмаган масъум гўдаклар ҳибсга олинди ва бир неча кун давомида очликка маҳкум этилди. Эндигина мактаб остонасидан ҳатлаган гўдаклар даҳшатли қийноқларга маҳкум этилди, шафқатсизларча ўлдирилди.
Норасида болаларни гаровга олиш орқали ўз сиёсий талабларини илгари суриш биринчи маротаба 1940-йилларда фашист газандалари томонидан амалга оширилганди. Бу сафар ғирромлик ва ноинсоний мақсадга асосланган террор янада даҳшатли, янада манфур кўринишда такрор намойиш этилди. Фашизмнинг жуда яқин «қариндоши» саналган терроризм ёвузлик борасида шафқат билмас ўтмишдошини ҳам ортда қолдирди. Тўғриси, кўзларида масъум илтижо, ҳаётга ташналик зуҳур бўлиб турган бегуноҳ гўдакларни шафқатсизларча ўлдирган кимсаларни инсон деб аташ ҳам мумкин эмас. Боз устига, террорчиларнинг ёвуз мақсадларини миллатпарварлик ёки динпарварлик ниқоби билан тўсмоқчи бўлиши кишида фақат ва фақат нафрат ҳамда ғазаб қўзғайди. Ҳукми Қиёматгача собит шариф китобимиз Қуръони каримда бир бегуноҳ инсон ҳаётига тажовуз этиш бутун башариятни қатл қилиш билан баробар экани айтилади. Ана шу биргина ояти карима ҳам юзлаб инсонлар, энг ёмони, масъум гўдаклар ҳаётига зомин бўлган манфур кимсаларнинг Ислом динига заррача ҳам алоқаси йўқлигини англаш учун кифоя қилади.
Жажжи қўлларини илтижо билан кўкка чўзганча ҳаёт билан видолашаётган гўдаклар, фоний дунёни эрта тарк этаётган волидаи муҳтарамаларнинг маҳзун нигоҳини кўрганда, миллат, давлат тушунчаларидан мутлақо холи бўлган терроризмнинг нақадар даҳшатли офат эканини англаш мумкин. Беслан воқеаси терроризм миллий ёки ҳудудий масаладан аллақачон глобал миқёсдаги муаммога айланиб улгурганини исботлади. Россия халқи хотирасида узоқ вақт нохуш ҳодиса сифатида сақланиб қоладиган фожиа террорга қарши баландпарвоз чақириқлар, машварату мажлислар билан эмас, аниқ амалий чора-тадбирлар билан курашиш лозимлигини яна бир карра тасдиқлади.
Собиржон Ёқубов