2019 йил 14 сентябрь куни «Ҳилолнашр» нашриёт-матбаасида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб «Олам ва одам, дин ва илм» номли янги китоб тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда китобхонлар, диний соҳа вакиллари, ёзувчи ва адиблар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тақдимотда Ҳилолнашр» нашриёт-матбааси раҳбари Исмоилхон Муҳаммад Юсуф, таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад, Шайх Муҳаммад Содиқнинг яқин сафдошларидан Зокиржон домла, Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид, ёзувчи Эркин Малик «Олам ва одам, дин ва илм» китоби бўйича ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Таниқли ёзувчи, филология фанлари доктори, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг илк китоблари муҳаррири Хуршид Дўстмуҳаммад «Олам ва одам, дин ва илм» китобининг илмий қиммати ҳақида гапириб, нашрда йўл қўйилган айрим камчиликларни ҳам таъкидлади.
«Ҳилолнашр» замонавий байтул ҳикма бўлса: китобларни чиқариш, оммалаштириш, тадқиқ этиш, ўқитиш, ўрганиш диний маркази бўлса, не ажаб. Юртимиздаги бу соҳанинг мутахассисларини бир ерга жамлаб, динни илмий асосда ўрганиш вақти етди», деди Хуршид Дўстмуҳаммад.
Ушбу китобда олам ва одам, дин ва илм борасида Ислом ва Ғарбнинг қарашлари ҳақида баҳс қилинади. Хусусан, илм, поклик, фалсафа, инсоннинг яралиши ва бошқа мавзулар батафсил баён қилинган. Китоб мавзусига мос равишда далил келтириш ҳам бошқа китоблардан фарқли бўлиб, далиллар асосан ғарбликларнинг манбаларидан келтирилган. Шу билан бирга, Ислом ҳақидаги маълумотлар оят ва ҳадислардан ҳам далил билан қувватланган.
Таъкидлаш жоизки, «Олам ва одам, дин ва илм» китоби муаллиф вафотидан кейин чиқарилаётган у кишининг тўртинчи китоби ҳисобланади. Хусусан, 2016 йилда «Ислом тарихи», 2018 йилда «Нақшбандия: вазифалар, зикрлар», 2019 йилда «Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар» китоби нашрдан чиқди.
Бундан ташқари, шу йиллар мобайнида шайх ҳазратлари томонидан таржима қилинган яна иккита китоб – «Сарахс ахди сўраган масалалар. Касбнинг баёни» ва «Фақиҳ имомлар ихтилофида ҳадиси шарифнинг ўрни» номли китоблар нашр этилди.
Умумий ҳисобда эса шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларнинг 100 дан ортиқ китоблари нашр этилган бўлиб, уларнинг ёзилишидан асосий мақсад, муаллифнинг ўзи таъкидлаганларидек, соф ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, мутаассиблик ва битъат-хуруфотларни йўқотиш, исломий маърифатни ёйиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб уларга амал қилишни йўлга қўйишдан иборат.
Муаллифнинг ҳали нашрдан чиқиб улгурмаган яна 15 дан ортиқ муаллифлик асарлари ва таржималари бўлиб, навбати билан бу китобларни ҳам нашрга тайёрлаб чоп этиш режалаштирилган.