Шайх Муҳаммад Аввома ва доктор Муҳйиддин Муҳаммад Аввома китоблари тақдимоти бўлиб ўтди

«Hilol-Nashr» нашриётида «Фақиҳ имомлар ихтилофида ҳадиси шарифнинг ўрни» ва «Жавомеъул калим» номли янги китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. Унда суриялик машҳур муҳаддис аллома шайх Муҳаммад Аввома, унинг ўғли доктор Муҳйиддин Муҳаммад Аввома, республикамизнинг таниқли уламолари, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари, китобсевар мухлислар иштирок этишди.

Тақдимоти ўтказилган биринчи китоб шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ таржимасидаги «Фақиҳ имомлар ихтилофида ҳадиси шарифнинг ўрни» номли китоби ҳадис илмига доир бўлиб, унда хусусан, ҳадиси шариф қачон амал учун яроқли бўлади, ҳадиси шарифни тушунишдаги ихтилофлар, имомларнинг зоҳири бир-бирига қарама-қарши бўлган суннатга нисбатан тутган йўлларининг турли-туманлиги, суннатни билишда даражаларининг турлилигидан келиб чиқадиган ихтилоф каби масалаларда сўз юритилган.

 

Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ бу китобни 42 йил аввал ёзгани, 4 нафар устозлари кўригидан ўтказгани, китобга даврнинг баҳсли муаммолари ечимини киритганини таъкидлади. Шайх ҳазратлари салаф уламолар ҳаётидан мисоллар айтиб, толиби илмларга китоб таълиф этиш одобларини гапириб, насиҳат қилди.

Китобхонлар эътиборига ҳавола қилинган иккинчи китоб доктор Муҳйиддин Муҳаммад Аввома қаламига мансуб «Жавомеъул калим» китоби бўлиб, ўзбек тилига Исмоил Муҳаммад Юсуф томонидан таржима қилинган. Муаллиф рисолада саҳиҳ ва ҳасан ҳадисларни тўплаган бўлиб, уларнинг ҳажми кичик, иборалари енгил, ёдлаш учун осондир. Ибодат, муомалот, ахлоқ-одоб, тарбия ва бошқа мавзуларга оид ушбу ҳадислар Исломнинг мадори бўлган ҳадислар жумласидандир. Аслида «жавомеъул калим» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал фазилатларидан бири бўлиб, қисқа, лўнда сўзлар билан олам-олам маъноларни ифодалаш қобилиятидир. Китобдаги ҳадислар ҳам қисқа бўлишига қарамай ана шундай кенг маъноларни ифодалагани учун унга шундай ном берилган.

Шайх Муҳаммад Аввома 1940 йилда Суриянинг Ҳалаб шаҳрида таваллуд топган. 1953 йилдан шайх Муҳаммад Салқинийнинг дарсларида иштирок эта бошлаган. Айни пайтда шайх Абдуллоҳ Сирожуддиндан, 1958 йилда шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғуддадан ҳам дарс ола бошлаган.

1962 йили университетнинг шариат факультетига ўқишга кирган. Шу йилдан 1980 йилгача Шабания мадрасасида, шунингдек, Равза университетида дарс берган. 1959 йилдан Мисрда икки буюк олим – марокашлик ака-ука Аҳмад ва Абдуллоҳ Ғумарийлардан, шайх Абдулваҳҳоб Абдуллатифдан ҳамда шайх Муҳаммад Абу Заҳрадан илм олган.

Шайх Муҳаммад Аввома 1980 йилда Мадинаи Мунавварага кўчиб ўтиб, Мадина Ислом университетида дарс берди, университет қошида Академик тадқиқотлар марказига асос солди. Шайх ушбу марказда «Итҳофул маҳора» китобини таҳқиқ қилишни бошлади. Кейинчалик бу марказ «Сийрат ва суннатга хизмат қилиш маркази» деган ном остида танилди. Шунингдек, шайх Аввома 1986 йили Дорул Қибла билан ҳамкорликда марказ қошида яна бир муассаса – Ислом меросининг ўрганиш бўлимини ташкил қилди.

Шайх Аввома баракали ижод қилди, кўплаб китоблар ёзди, қатор машҳур асарларни таҳқиқ қилди. Жумладан, олимнинг «Асарул-ҳадисиш-шариф фий ихтилафил-аимматул-фуқаҳо», «Адабул ихтилаф фий масаилил-илми вад-дийн» асарлари машҳур бўлди. Шайх Аввома ўзи туғилиб-ўсган Ҳалаб шаҳрида исломий таълимни тиклаш йўлида кўп хизматлар қилди.

Йирик олим, шайх Муҳаммад Саид Тантовий шайх Аввома ҳақларида шундай дейди: «Таҳқиқда ундан кучлироқ бирон одамни билмайман».

Шайх Муҳаммад Аввома қуйидаги асарларни ҳам таҳқиқ қилган:

1. Умар ибн Абддулазиз Бағдодийнинг “Муснад”и. Ҳадис ровийларини тўлиқ занжирини келтириб ўтганлар ва ҳар бир ровийга қисқа таъриф, изоҳ бериб чиққан.

2. Сомонийнинг “Ал-Ансоб” асари. Шайх ушбу асарнинг маълум қисмини таҳрир қилган.

3. Ҳофиз Ибн Ҳожарнинг Аллома Абдуллоҳ Басрий ва унинг шогирди Майрғаний шарҳи билан қилинган “Тақрийбут Таҳзийб” асари.

4. Заҳабийнинг “Кошиф”лари. Шайх ушбу асарга катта ҳажмли кириш қисми ёзган.

5. “Мажолис ибн Носируддин Димашқий мин сиҳоҳ аҳодийсил қудсия” асари. 100та ҳадиси қудсий ва уларга қисқа шарҳлар тўплами.

6.  «Мухтасар мин Фароизин-нуқул вал ахбар».  Илм олиш талабидагиларга ибратли ҳикоя ва ривоятлар тўплами.

7. Саҳовийнинг “Қовлул Бадиъ фис солатил ҳабийбиш шаафий” асари.

8. Абу Довуднинг  «Сунан»и.  Устоз Аввома ушбу асарни таҳқиқ қилганлар ва Ибн Ҳожарнинг нусхасини ушбу асарни бошқа еттита қулёзма билан таққослаган.

9. Имом Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадия” асари Бажурийнинг шарҳи билан.

10. Ибн Абу Шайбанинг “Мусаннаф”и. Олим ушбу асарнинг таҳқиқ қилган, бир нечта бошқа нусхалар билан қиёслаган ва ровийлар силсиласини келтириб чиққан. Ушбу асар устида 16 йил изланиш олиб бориб, 28 томдан иборат кўринишда чоп эттирган.

11. Шунингдек, шайх “Насбур ройя” асаридаги ҳадисларни бошқа бир нечта қўлёзмаси билан қиёсий ўрганиб, ушбу нусхалардаги 1000дан ортиқ босмадаги хатоликларни топиб тўғрилаган.