14 июль куни «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриётида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Мўминнинг нажоти» деб номланган муфассал закот китоби ҳамда «Очиқ хат» китобининг русча таржимаси – «Открытое послание» китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот маросимига Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво бўлими мудири Абдулҳамид ҳожи Турсунов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар ҳожи Турсунов, Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг фахрийси Абдуллоҳ ҳожи Саттиев, Абдулҳаким қори Матқулов, пойтахтимиз жомеъ масжидларининг имом-хатиблари, ноиблари ташриф буюрдилар.
«Очиқ хат» китоби бугунги кунда нафақат Ислом олами, балки бутун дунёнинг энг оғир муаммосига айланган ҳодисага бағишланган.
“Ислом динининг беш рукнидан учинчиси бўлмиш закот ибодати ҳақида керакли маълумотларни ўқиб-ўрганиш ва билиш, уларга амал қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Шунинг учун закот ҳақидаги билимларни кенг тарқатишга ҳамиша эҳтиёж бўлган ва бу борада жуда кўп китоблар таълиф қилинган. «Ҳадис ва ҳаёт» туркум китобларининг саккизинчи жузи ҳам айнан шу рукнга бағишланган эди. Бугун эса муҳтарам ўқувчиларимизга закот ҳақида муфассал сўз юритилган ушбу китобни тақдим этаётганимиздан беҳад мамнунмиз ва улар ушбу китобдан ўзларини қизиқтираётган кўпгина саволларга жавоб топадилар, деган умиддамиз”, дейилади «Мўминнинг нажоти» китоби сўзбошисида.