Саудия Арабистонида яшаётган ўзбеклар Жидда шаҳрида ифторлик дастурхонида йиғилишди. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича Жидда шаҳридаги Бухорий маҳалласида 35 йилдан бери мана шундай ифторликлар ташкил этилади.
Саудия Арабистонилик ўзбеклардан Абдураҳим Назарбекнинг айтишича, бунақа тадбирлар яна кўп марта ўтказилиши режалаштирилган.
Тасдиқланмаган турли маълумотларга кўра, Саудия Арабистонида 300 000 дан 1 000 000 гача ўзбеклар истиқомат қилишади (уларни туркистонлилар, бухорийлар деб ҳам аташади). Улар асосан Макка, Мадина, Жидда ва Тоиф шаҳарларида ерлашишган.
Россия босқини, қатағонлар сабаб ўзбеклар Саудия Арабистонига ўтган асрнинг бошларидан кўчиб кела бошлашган. Афғонистонга рус қўшинлар кириши оқибатида ҳам кўплаб ўзбек оилалари Саудия Арабистонидан бошпана топишган.
Саудия Арабистонилик ўзбеклар орасидан вазирлар, генераллар ва олимлар етишиб чиққан.
Абдураҳим Назарбек ўзбек тилида гаплашадиган кам сонли саудияликлардан биридир. Унинг айтишича, ёш ўзбекларнинг 40 фоизи ўзбекчани билишади.