Америка тарихида етакчи ўрин тутган шахслардан бири, шубҳасиз, Франклин Делано Рузвелтдир. Яқинда хориж матбуоти электрон сайтларида у ҳақда қизиқарли маълумотлар эълон қилинди. Улар Ялта конференцияси билан боғлиқ.
Маълумки, 1945 йил 4—11 февраль кунлари Қримда ташкил этилган конференцияда СССР, Буюк Британия ва АҚШ ҳукумати раҳбарлари ўзаро учрашишди. Сталин, Черчил ва Рузвелт йиғинда деярли якунланай деб қолган ИИ жаҳон уруши юзасидан бир қатор масалаларни кўриб чиқишди.
Манбаларга асосланадиган бўлсак, айнан шу кунларда АҚШ президентининг ақлий фаолияти маъёрида бўлмаган. Натижада, Сталин билан бўлиб ўтган музокараларда Рузвелт урушдан кейинги ҳолат учун қимматга тушадиган кўплаб хатоликларга муаллифлик қилгани аниқланди. Гарчи шифокорлар унинг касаллиги ҳақида билишсада, аниқ ташхис қўя олмаганлар ёки қўйишни хоҳламаганлар. Ялта конференциясидан 60 йил ўтиб, америкалик психиатр касаллик Рузвелтни бир нечта дипломатик ва сиёсий хатолар қилишига сабабчи бўлганини айтиб ўтди. Бунга Сталиннинг Манжурияни босиб олиши ва Полшада совет назоратини ўрнатиш учун қилган ҳаракатларига АҚШ томонидан муносабат билдирилмаганлиги яққол мисол бўла олади.
Аслида АҚШнинг 32-президенти ўз ишига жиддий масъулият билан ёндашадиган раҳбарлардан бири бўлган. Лекин нима учундир муҳим ҳужжатларни эътиборсиз қолдиргани, «коммунизм дунёси яловбардори» фаолиятига қаршилик кўрсата олмаганидан кўпчилик ажабланиб келмоқда эди.
«Биз ўша пайтда президентнинг мия фаолияти меъёрида эмаслигини ва маълумотларни аниқлик ҳамда диққат билан таҳлил этиш қобилияти сусайганлигини тасдиқлаймиз, — дейди (ФБИ) Федерал қидирув Бюросининг катта маслаҳатчи-руҳшуноси Флен Салерен. — Тиббиёт ҳужжатлари биз учун асос бўла олади”. Муаммолар Рузвелт тўртинчи бор ҳокимият тепасига келганда (1944 йил) янада кўпайган ва бу борадаги маълумотлар қайд этиб борилган.
Қрим конференциясидан икки ой ўтгач, Франклин Рузвелт мияга қон қуйилиши натижасида вафот этганди. Салереннинг айтишича, дастлабки руҳий таҳлилларнинг ўзиёқ ҳақиқий аҳволдан тўлиқ воқиф қила олади. Мутахассис тиббий ҳужжат ва архивлар ёрдамида президентга бир қадар аниқ ташхис қўйиш мумкинлиги билан ўз фикрини асослашга ҳаракат қилади. Гарчи у ўз «бемори» билан суҳбатлашмаган ва унга керакли савол ҳамда маслаҳатлар бермаган бўлсада, сўнгги президентлик муддати давомида Ф.Рузвелт гипертония ва юрак қон томирларида қон ҳаракатининг беркилиб қолишидан азият чекканини таъкидлаб ўтади. Унинг фикрига кўра, бунга гипокция, яъни мияга кислород етишмаслиги сабаб бўлган. «Деланонинг мия тўқималари етарлича кислород моддаси билан тўйинмаган, — дея маълумот беради Салерен «Индепендент» газетасига, — мия эса меъёрида ишлай олмаган. Унинг интеллектуал салоҳияти ва фикрлаш лаёқати йўқолиб борган».
Уч давлат ҳукумат раҳбарлари ўртасидаги учрашувда, бизга маълумки, нафақат Германия ва Япониянинг тақдири ҳал қилинди, балки халқаро ташкилотлар учун ҳам тамал тоши қўйилди. Катта шов-шув бўлган «Совуқ уруш» китоби муаллифлари Тейлор Даунинг ва Жереми Айзексларнинг талқинига қараганда, конференция иттифоқдошлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун қўйилган муҳим қадам вазифасини бажариб берган ва айни вақтда «Буюк Алянс»ни бўлакларга бўлиб юборган.
Ўшанда Рузвелт БМТни ташкил этиш ғояси билан чиқиб, СССРнинг Японияга қарши урушга кириш режасини қўллаб-қувватлаганди. Европа АҚШ президентини унчалик хавотирга солмаган. Сталин эса собиқ иттифоқ савлати ва шавкатини янада кенгроқ ёйиш, кўз-кўз қилиш мақсадида ғарбий чегараларида ҳам бир қатор давлатлар ташкил этиш фикри билан яшаган.
Саиджон МАХСУМОВ, Зоҳиджон ХОЛОВ тайёрлади.