27 сентябрь куни Ўзбекистон халқ шоири шоир Рауф Парфи таваллудига 80 йил тўлди. Шу муносабат билан Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон миллий университети ҳамда Чирчиқ давлат педагогика университетида шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган илмий-адабий, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
80 йиллик сана муносабати билан Рауф Парфининг “Танланган асарлар”и чоп этилди.
“Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи – замонавий ўзбек шеъриятини янги шеърий жанрлар, поэтик шакллар, бадиий образлар ва мавзулар билан бойитган шоир. “Танланган асарлар” шоирнинг ҳаётлигида чоп этилган шеърларидан ташқари, дафтарларида қолиб кетган илк машқлари, бугунга қадар эътибордан четда қолиб келаётган насрий асарлари, адабий мақола ва суҳбатлари билан бойитилди. Бу – Рауф Парфи ижодий фаолиятини тўлақонли тасаввур қилишимизга ва шоир асарларини атрофлича тадқиқ этишимизга қўл келиши шубҳасиз”, – дейилади Ёзувчилар уюшмаси хабарида.
Шахс эрки, ватан мустақиллиги ва турк дунёси бирлигини куйлаган Рауф Парфи (1943–2005) Ҳамид Олимжон ва Маҳмуд Кошғарий номидаги миллий ва халқаро мукофотлар билан тақдирланган.