Ражаб Тоййиб Эрдўғон: “Масжидлар – маънавий истеҳкомларимиз…”

4 июнь куни Туркиянинг Қора денгиз бўйидаги Зонгулдак шаҳрида барпо этилган Узун Меҳмет жомеъ масжидида илк жума намози адо этилди. Муҳташам масжиднинг очилиши маросимида президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам иштирок этди.

Эрдўғон ўз чиқишида масжидни барпо этишга ҳисса қўшган оддий ишчилардан тортиб меъморларгача ташаккур билдирар экан, Қуръони каримнинг “Тавба” сураси 18-оятини ёдга олди.

“Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топгувчи зотлар бўлсалар ажабмас”, – дейилади ушбу ояти каримада.

Р.Т.Эрдўғон масжидлар миллат озодлиги ва мамлакат барқарорлиги учун курашда маънавий муҳофиз бўлиб келганини таъкидлади.

Президент Эрдўғонга кўра, турк миллатининг дунё майдонида мустаҳкам ўринга эга бўлиб бораётганига тоқат қила олмаётган ғанимлар эндиликда миллатнинг маънавий истеҳкоми бўлган масжидларга ҳам ўгай кўз билан қарамоқда.

Қайд этилишича, 1071 йилдаги Малазгирт жангидан то 2016 йил 15 июль воқеаларига қадар – турк миллатининг минг йиллик долғали курашлардан зафар ва ғалаба билан чиқишида бирлик ҳамда маънавий биродарликнинг аҳамияти каттадир.

Янги масжиднинг Узун Меҳмет номи билан аталиши бежиз эмас. Ушбу тарихий шахс 1829 йили Зонгулдакда илк кўмир конини топган, шу тариқа ушбу шаҳар мамлакатнинг муҳим саноат марказларидан бирига айланган эди.

12 минг квадрат метр (яшил ҳудудлар билан бирга 34 минг квадрат метр) майдонда барпо этилган масжид хонақоҳи 6 минг мусулмонни ўз бағрига олади, саҳнни ҳам қўшганда бир пайтнинг ўзида 7500 киши ибодатларни адо этиши мумкин. 71 метр баландликдаги миноралар ҳам масжидга ўзгача виқор бағишлайди.

Жорий йил 28 май куни Истанбул шаҳрининг тарихий ҳудудида Тақсим жомеъ масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтган ва унда ҳам президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон қатнашган эди.

Тақсим майдонида масжид барпо этиш масаласи ўнйилликлар давомида турк жамоатчилиги орасида муҳокамаю мунозараларга сабаб бўлиб келган. Қайд этилишича, Истанбулнинг ушбу тарихий қисмида масжид қуриш ғояси Усмонли-Русия уруши йилларида туғилган. Аммо йиллар давомида ушбу ғоя рўёбига жамиятдаги турли сиёсий гуруҳлар тўсқинлик қилиб келган.

Ражаб Тоййиб Эрдўғон 1994 йили Истанбул шаҳри ҳокими лавозимига сайланган пайтдаёқ Тақсимда жомеъ масжид барпо этиш ниятини билдирган. Аммо турли сабабларга кўра бу режа ортга сурилган ва ниҳоят орадан 27 йил ўтиб ушбу ният рўёбга чиқди.

2020 йил 24 июль куни Истанбул рамзи саналган кўҳна Аё София обидасида 86 йиллик танаффусдан кейин илк жума намози адо этилди ва салкам бир аср давомида музей саналган масканга масжид мақоми қайтарилди.

2019 йил баҳорда эса Босфорнинг чап соҳилида муҳташам Чамлижа (Çamlıca) жомеъ масжиди қуриб фойдаланишга топширилди. 6 йил давомида қурилган ва 63 минг кишини сиғдирадиган ибодат маскани Истанбулнинг энг катта масжиди саналади.

С.Салим