Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ўзбекистоннинг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевни жорий йил 4 декабрда бўлиб ўтган сайловдаги ғалабаси билан табриклади. Шу муносабат билан йўлланган қутлов номасида Туркия етакчиси Ўзбекистоннинг янги раҳбарини “қадрли дўст” деб атаган.
“Дўст ва қардош ўзбек халқи хоҳиш-иродасини намоён этган сайлов осойишта ва ўзаро ишонч руҳида ўтганидан ғоят шодман. Ишонаманки, икки томонлама робиталарни ривожлантириш йўлидаги муштарак саъй-ҳаракатлар ила ҳамкорлигимизни қардош халқларимиз манфаатларига хизмат қиладиган юксак даражага олиб чиқамиз. 2016 йил 18 ноябрдаги Самарқандга ташрифим кўп асрлик тарихга эга бўлган ва айни вақтда муштарак манфаатлар асосида ривожланаётган алоқаларимизни янада жонлантиришга хизмат қилишига ишончим комил”, – дейилади Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг қутлов номасида.
Туркия етакчиси Ўзбекистоннинг сайланган Президентини расмий ташриф билан Туркияга келишга таклиф қилган. Айни чоқда, ўзи ҳам яқин муддатга яна Ўзбекистонга сафар қилиш истагини билдирган.
2016 йил 6 декабрь куни, шунингдек, Ўзбекистоннинг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев билан Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўртасида расмий Анқара ташаббуси билан телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.
Ўзбекистон расмий ахборот агентлиги хабарига кўра, давлат раҳбарлари ўзаро муносабатларнинг долзарб масалаларини муҳокама этдилар. Томонлар Ўзбекистон билан Туркия шериклик муносабатларини иқтисодий, инвестицион-технологик, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги улкан салоҳият инобатга олинган ҳолда, янги мазмун билан бойитиш тарафдори экани қайд этилди.
Ҳар икки мамлакат ташқи сиёсат маҳкамалари, вазирликлар ва иқтисодий тузилмалар ўртасида алоқаларни фаоллаштиришдан манфаатдор. Шу муносабат билан яқин вақт ичида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлисини ўтказиш тўғрисида келишиб олинди.
Суҳбат чоғи жорий йил 18 ноябрда Самарқандда ўтказилган учрашувда эришилган келишувларга мувофиқ Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун муайян соҳалар белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Ўзбекистон мустақиллигини дунёда биринчи бўлиб 1991 йил 16 декабрда тан олган. 1992 йил 4 мартда икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган. Ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ўзаро 90 дан ошиқ ҳужжат, жумладан, Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган.
2015 йил якунига кўра, ўзаро савдо ҳажми 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Икки давлат раҳбарига кўра, мазкур кўрсаткични яқин йилларда 2-3 марта ошириш учун имкониятлар етарли.
Айни вақтда юртимизда Туркиянинг 500 га яқин фирма ва компанияси фаолият юритмоқда. Тўқимачилик, қурилиш, меҳмонхона бизнеси, фармацевтика ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларда фаолият юритаётган турк ширкатларида 50 мингга яқин ишчи ўрни яратилган. Мамлакатимиз иқтисодиётига жалб қилинган Туркия сармояси ҳажми 1 миллиард доллардан ошади.
Собир Салим
Шу мавзудаги мақола: