Қозоғистон Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида референдум участкаларининг овоз беришга тайёрлиги ҳақида маълумот берилди, деб хабар беради “Kazinform” агентлиги.
“Ҳамкасбларимизнинг айтишича, участка комиссиялари овоз бериш кунига шай. Сайлов бюллетенлари сайлов участкаларига етказилиб, уларнинг хавфсизлиги таъминланди”, – деди МСК раиси Нурлан Абдиров.
Шу билан бирга, комиссия раиси фуқаролар ўзига қулай сайлов участкасида рўйхатдан ўтиб, ўша ерда овоз бериши мумкинлигини қайд этган.
“Референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар сайлов участкаларига мурожаат қилишлари, рўйхатдан чиқарилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани олишлари ва ўзларига қулай сайлов участкасида рўйхатдан ўтиб, ўша ерда овоз беришлари мумкин. Референдум бўйича Марказий комиссия ва мамлакатнинг барча ҳокимият органлари референдумга барча имкониятларни ишга солди. Таъкидлаб ўтиш жоизки, электрон тизим яратилиб, унда ҳар бир фуқаро рўйхатдан ўзини текшира олади”, – деди МСК раиси.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 5 июнь куни Қозоғистонда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум бўлиб ўтади.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 17 май куни Тошкентда ташкил қилинган давра суҳбатида Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Дархон Сатибалди мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан илгари сурилган конституциявий-сиёсий ислоҳотлар ҳақида батафсил сўзлаб берган эди.