Қозоғистонда сенат депутатлиги учун сайлов бўлиб ўтди

14 январь куни бўлиб ўтган Қозоғистон Республикаси Парламенти сенати депутатлари сайловида қонун бузилиш ҳолатлари кузатилмади. Бу ҳақда мамлакат Марказий сайлов комиссияси аъзоси Асилбек Смағулов маълум қилди, дея хабар беради “Kazinform” агентлиги.

“Овоз бериш куни ҳудудий сайлов комиссиялари ва сайловчилардан “Сайлов тўғрисида”ги конституциявий қонун талаблари бузилганлиги юзасидан шикоят ва аризалар келиб тушмади”, – деган у.

МСК раиси Нурлан Абдиров бу галги сайлов адолатли ўтганини англатишини таъкидлаган.

“Шу боис бу овоз бериш ва бошқа сайлов тартиб-таомилларининг сайлов қонунчилиги нормаларига мувофиқлигидан далолатдир”, – деган раис.

Шундан сўнг МСК 2023 йил 14 январда бўлиб ўтган Қозоғистон Республикаси Парламенти сенати депутатлари сайлови якунларига оид қарорлар қабул қилган.

Эслатиб ўтамиз, сенатдаги 20 ўрин учун 55 нафар номзод даъвогарлик қилган. Республика бўйича сайловчилар рўйхатига 3167 нафар масъул депутатлар киритилган.

Қонунчиликка кўра, сенат депутатлари билвосита сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан масъул депутатлар томонидан сайланади.