Сурияда ўт очишни тўхтатиш бўйича тезкор гуруҳнинг навбатдаги учрашуви Остонада жорий йил февраль ойи ўрталарида бўлиб ўтади. Интерфакс ахборот агентлиги хабарига кўра, бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Қайрат Абдураҳмонов маълум қилган.
“Белгиланган тартибга мувофиқ биз кафил давлатлардан керакли ахборотни олгач, учрашувга тайёргарликни бошлаймиз”, – дея музокаралар санаси кейинроқ маълум қилинишини билдирган Қ.Абдураҳмонов.
Аввалроқ Россия Қуролли кучлари бош штаби вакили, генерал-майор Станислав Гажимагомедов Остонадаги кейинги учрашув 15-16 февралда ўтишини айтган эди.
6 февраль куни Остонада Сурияда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни ҳамкорликда мониторинг қилиш масаласи юзасидан учрашув бўлиб ўтди. Қозоғистон Қуролли кучлари Ҳарбий-тарихий музейида ўтган учрашувда Россия, Туркия, Эрон ва БМТ вакиллари қатнашди.
Россия делегацияси раҳбари Станислав Гажимагомедов музокаралар ижобий руҳда ўтганини қайд этган.
Қатнашчилар ўт очишни тўхтатиш келишувига риоя этиш ва турли провокацияларнинг олдини олиш юзасидан фикрлашган. Учрашувда, шунингдек, гуманитар йўналишда ўзаро ишончни мустаҳкамлаш заруратига ҳам урғу берилган.
“Делегациялар Сурияда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича келишувга тўла риоя этиш борасида ҳамкорликни давом эттиришга шайлигини билдирди”, – деган Россия делегацияси раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 23-24 январь кунлари Остонада Суриядаги вазиятни барқарорлаштиришга бағишланган илк музокаралар бўлиб ўтган эди.
Икки кун давом этган музокаралар якунида Россия, Туркия ва Эрон Ташқи ишлар вазирликлари Сурия масаласини ҳарбий йўл билан ҳал қилишнинг имконсизлиги борасидаги якдил фикрга келган. Кескин мунозаралардан кейин томонлар қўшма баёнот қабул қилган. Унга кўра, учта давлат Сурияда ўт очишни тўхтатиш тартибини бузишга уринишларга биргаликда курашади ҳамда ярашувнинг бузилиши ҳолатларини мониторинг қилиб боради. Қолаверса, мўътадил мухолифатни террорчилик ташкилотларидан фарқлашга эътибор қаратилади. БМТ Хавфсизлик Кенгаши террорчи ташкилот деб тан олган ИШИД, “Жабҳат ан-Нусра” каби қўпорувчи гуруҳлар билан ҳеч қандай келишувлар бўлмайди.
Қозоғистон кейинги йилларда халқаро зиддиятларни бартараф этишда фаол иштирок этмоқда. Мамлакатнинг тинчлик сиёсати ва дунё барқарорлиги йўлидаги дипломатик саъй-ҳаракатлари халқаро жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланмоқда. Жумладан, Суриядаги бир-бирига душманлик кайфиятидаги турли гуруҳларнинг Остонада жамланиб, музокаралар столига ўтириши ҳам Қозоғистон дипломатиясининг ютуқларидан бири саналади.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, мамлакат БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзоси сифатида минтақавий ва халқаро муаммоларни ечишга ўз ҳиссасини қўшишга интилади.
Шу мавзудаги мақола:
Сурияда тинчлик ўрнатиш бўйича Остона учрашувлари: Қозоғистон дипломатияси ютуғи. 25.01.2017