Қабала – ислом оламининг туризм бўйича пойтахти

Озарбойжоннинг Қабала шаҳри 2020 йилда ислом дунёсида туризм бўйича пойтахт шаҳар деб эълон қилинди. Бу ҳақда Ислом ҳамкорлик ташкилоти хабар тарқатди. ИҲТга аъзо давлатлар туризм вазирларининг Бангладешда бўлиб ўтган Х анжуманида шундай қарор қабул қилинган. Туризм вазирлари ХI анжуманини 2020 йилда Қабалада ўтказишга келишиб олинган.

 2000 йиллик тарихга эга шаҳар

Қабала шаҳри Озарбойжоннинг шимоли-ғарбий қисмида, пойтахт Бокудан 225 км масофада жойлашган бўлиб, мамлакатнинг энг оммавий сайёҳлик йўналишларидан бири ҳисобланади.

Манбаларга кўра, шаҳар 2000 йиллик тарихга эга. Эрамизнинг I асрида Плиний, Птоломей каби муаррихлар асарларида ушбу шаҳар ёдга олинган. Араб солномаларида эса кўҳна кент “Ҳазар” тарзида қайд этилган. Қабала 600 йил давомида қадимги Кавказ Албаниясининг  пойтахти бўлиб келган.

Жомеъ масжид. XVIII аср

Қабала асрлар давомида кўплаб босқинларга гувоҳ бўлган, лекин тарихий осори атиқаларини сақлаб қолган. Замонавий Қабала яқинида кўҳна шаҳар харобалари мавжуд. Мудофаа минораси (IX-XI асрлар), Жомеъ масжид (XVIII аср) ва бошқа обидалар ҳам сайёҳлар эътиборини тортиб келмоқда.

 Маданият ва сайёҳлик маркази

Қабала шаҳрининг атрофи азим тоғлар билан ўралган. Кўҳна кент оралаб оқиб ўтган тоғ дарёлари иқлим мўътадиллигини таъминлайди. Шаҳарда 500 йиллик тарихга эга ўрмон ва дарахтзорлар ҳам бор.

Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев Қабалани мамлакатнинг Бокудан кейинги иккинчи сайёҳлик маркази деб атагани бежиз эмас. Кейинги йилларда шаҳар қулай географик жойлашув ва ноёб табиати боис маданий марказга айланмоқда. Сайёҳлар сони йилдан-йилга кўпаймоқда. Шаҳарда замонавий меҳмонхона ва дам олиш зоналари қурилмоқда, инфраструктура яхшиланмоқда. Масалан, охирги йилларда халқаро аэропорт ва Ҳайдар Алиев номидаги марказ бунёд этилди.

2009 йилдан бери Қабала халқаро мусиқа фестивалига мезбонлик қилиб келмоқда. Очиқ осмон остида ўтадиган санъат тадбирида Европа, Осиё ва Америка қитъаси вакиллари қатнашади.  Дарвоқе, Қабала шаҳри 2013 йилда МДҲнинг маданий пойтахти деб эълон қилинган.

С.Салим