Польша ўзбекистонлик мутахассисларни иш билан таъминлашга тайёр

Польша ўзбекистонлик мутахассисларни иш билан таъминлашга рози. Бу ҳақда Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги Польшада ўтказган музокаралар якунида маълум қилинган, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.

Меҳнат вазирлиги делегацияси Польшада TRADMA, HR AGENCIA, EL-IN, JP CONSTRUCT каби компаниялар билан меҳнат миграцияси бўйича музокаралар олиб борди. Хусусан, ўзбек делегацияси Польшанинг икки йирик музофоти – Лодзь ва Люблин губернаторлари билан учрашувлар ўтказди. Айтиш керакки, Лодзь тўқимачилик, Люблин эса аграр соҳа бўйича мамлакатда етакчи ўрин тутади. Мазкур икки музофот губернаторлари А.Багинский ва П.Чарнек қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатида малакали кадрлар тақчиллигини таъкидлаб, бу борада Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга шайлигини билдирган. Шу билан бирга, вилоятлар раҳбарлар ўзбекистонлик мутахассисларга ҳужжат тайёрлаш билан боғлиқ расмиятчиликларда ёрдам ваъда қилган.

Люблин ишбилармонлар клуби аъзолари билан учрашувда ҳам томонлар меҳнат миграцияси бўйича ҳамкорликнинг долзарблигини таъкидлаган. Шу билан бирга, Польша томони Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритиш истагини билдирган.

Польша иқтисодиётнинг турли секторлари учун малакали мутахассисларга муҳтож, ўз навбатида, Ўзбекистон ҳамкор мамлакатга зарур кадрлар етказиб бериш ҳамда уларни ҳуқуқий ҳимоя этиш истагида, деб хабар беради Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати.

Аввал хабар берганимиздек, Польшанинг нефть-газ, энергетика, фойдали қазилмаларни қайта ишлаш, транспорт, йўл қурилиши, қишлоқ хўжалиги каби соҳалардаги компаниялари Ўзбекистон бозорига киришга қизиқиш билдирмоқда.  2016 йил сентябрда Варшавада ўтган икки мамлакат ташқи сиёсат маҳкамалари маслаҳатлашувида савдо-иқтисодий соҳада ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш масаласига эътибор қаратилган эди. Польшанинг Тошкентдаги элчихонаси Савдо ва сармояларга кўмаклашиш бўлими маълумотига кўра, 2017 йилда икки томонлама янги ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда. Айни пайтда Польша ва Ўзбекистоннинг турли соҳаларда алоқаларини 50 га яқин ҳужжатлар тартибга солади.

С.Салим

Шу мавзудаги мақола:

Ўзбекистон – Польша савдо-иқтисодий ҳамкорлигида фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд. 22.12.2016