22 январь куни Франция ва Германия ўртасида Елисей дўстлик битими имзоланганига 56 йил тўлди. Айни шу санада Ахен шаҳрида Франция Президенти Эмманюэль Макрон ҳамда Германия канцлери Ангела Меркель томонидан 56 йиллик тарихга эга битимни тўлдирувчи ҳужжат имзоланмоқда.
Шу муносабат билан Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вильмор хоним ҳамда Германиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гюнтер Оверфельд томонидан қўшма баёнот эълон қилинди.
“Халқаро мулоқот орқали ўсиш ва барқарорликни таъминлаш – Франция ва Германиянинг Европадаги, шунингдек, Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги ёндашувидир”, – дейилади қўшма баёнотда.
Қайд этилишича, бугунги кунда француз-олмон дўстлиги ва ҳамкорлиги халқлар ўртасидаги ярашув учун асос, зиддиятларни мулоқот орқали ҳал қилиш воситаси бўлиб хизмат қилмоқда. Европани бирлаштираётган якдиллик ва бирдамлик руҳи пайдо бўлишида ҳам икки халқ дўстлиги ҳал қилувчи ўрин тутган.
“Сўнгги ўн йилликлар ичида биз биргаликда Европанинг буюк вакиллари, жумладан, Эразм, Гёте, Виктор Ҳюго, Стефан Цвейг ва Шуманнинг орзуларини ҳақиқатга айлантирдик. Бироқ, Франция ва Германия ўртасидаги тарихий ярашувга катта ҳисса қўшган Елисей битимининг 1963 йилда имзоланиши кўпчилик ишонмаган улуғвор қадам бўлган”, – дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, Франция–Германия жуфтлиги томонидан амалга оширилган аниқ ишлар орадан 56 йил ўтиб, бутун дунё томонидан, шунингдек, Ўзбекистонда ҳам тан олинмоқда. Бу ўринда Ўзбекистонда ўз ўрнини топган Airbus компанияси, мамлакатнинг туристик ва маданий бойликлари ҳақида бир нечта ҳужжатли фильм ишлаган Arte француз-олмон телеканалини эслаб ўтиш мумкин.
“Бугун Франция ва Германия ўзаро ҳамкорликнинг янги саҳифасини очмоқда. Терроризм, иқлим, ахборот хавфсизлиги ва сунъий интеллект инқилоби, қишлоқ хўжалигидаги ўзгаришлар каби кўплаб дунё миқёсидаги масалалар халқаро мулоқотни янги даражага олиб чиқишга ундамоқда. Франция–Германия мулоқоти Европа Иттифоқини бирлаштириб турган мулоқотни ривожлантиришга ҳисса қўшади”, – дейилади дипломатларнинг қўшма баёнотида.
Баёнотда, шунингдек, Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсати Франция–Германия, умуман, бутун Европа билан ҳамоҳанг нуқталарига эга экани таъкидаланади.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қарама-қаршиликларни бартараф этиш ҳамда мулоқот ва барча соҳаларда (иқтисодиёт, инфратузилма, гуманитар, дипломатия, маданият) ҳамкорликни ривожлантириш орқали минтақавий барқарорликни қўллаб-қувватлаш борасида кўп жиҳатдан Франция–Германия, умуман, бутун Европа ёндашувини эслатувчи ташқи сиёсатни олиб бормоқда. У Европага ўзининг дастлабки ташрифларини амалга ошириш учун 2018 йил октябрда Париж ва 2019 йил январда Берлинни танлади. Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсати доирасида тинчлик, минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик йўлида иш олиб бораётган бир пайтда мазкур ташрифлар ўзбек, олмон ва француз халқлари учун ҳамкорлик ва дўстлик алоқаларининг қудрати рамзи ҳисобланади”, – дейилади қўшма баёнотда.
1963 йилда Франция ва Германия етакчилари Шарль де Голль ҳамда Конрад Аденауэр машҳур Елисей битимини имзолаган эди. Мазкур битим Иккинчи жаҳон урушидан кейин француз-олмон дўстлигини мустаҳкамлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Эмманюэль Макрон ҳамда Ангела Меркель томонидан имзоланаётган янги битим эса XXI асрдаги глобал муаммоларни Париж–Берлин ҳамкорлигида, бир ёқадан бош чиқариш ҳал этишга хизмат қилади.
Ахен битими Франция ва Германиянинг ташқи сиёсат, мудофаа ва хавфсизлик жабҳаларида ҳамкорлигини тартибга солади, иқтисодий интеграцияни янада жонлантиришни кўзда тутади.
Кузатувчиларга кўра, Париж ва Берлин ташқи сиёсат бўйича позицияларни ўзаро келишиб, нафақат икки мамлакат, бутун Европа Иттифоқи манфаатларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, битимда Германия Федератив Республикасини БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатида қабул қилинишига эришиш устувор мақсадлардан бири дея белгиланган.
Ахен битимида, шунингдек, икки мамлакатнинг таълим, транспорт, соғлиқни сақлаш, илм-фан, инновация ва замонавий технологиялар, иқлим ўзгариши каби соҳалардаги робиталарини ривожлантиришга оид бандлар ҳам мавжуд.
С.Салим