Пандемияга қарамай, Туркия туризмни ривожлантира олди. Муваффақият сири нимада?

Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой Буюк Миллат Мажлиси депутатлари саволларига жавоб берар экан, туризм кўтаринки суръатда равнақ топаётганини қайд этди. Вазирга кўра, соҳа вакилларининг фидокорона меҳнат ва профессионал саъй-ҳаракатлари туфайли йил якунида туризмдан 24 миллиард доллар даромад олиниши кутилмоқда.

Қайд этилишича, пандемия даврида туризм соҳаси жиддий синовга учраганига қарамай,  Туркия соҳани оёққа турғазишга ҳаракат қилмоқда. Натижада Туркия туризм тарихида илк бор Испаниядан кўпроқ сайёҳ қабул қилишга эришди.

Ковид пандемияси сабаб 2020 йилда халқаро сайёҳлар оқими 72,6 фоиз, даромадлар эса 63,6 фоизга қисқарди. Жаҳон туризм бозоридаги беқарор вазият Туркияга ҳам таъсир этмай қолмади. Аммо аксар давлатлар пандемия сабаб саросимага тушган бир пайтда Туркия маданият ва туризм вазирлиги хавфсиз туризм дастурини жорий этиб, инқирозни бартараф этиш ва кўп сонли сайёҳларни жалб этишга муваффақ бўлди.

Cирасини айтганда, профессионал ёндашув, вазиятни тўғри баҳолай олиш ва шунга мувофиқ тезкорлик ҳамда ҳозиржавоблик билан чоралар кўриш муваффақият омили бўлди. Шу тариқа биргина жорий йилнинг 3-чорагида туризмдан келган даромад 11,4 млрд долларга етди. Бу борада ўсиш кўрсаткичи 181,8 фоизни ташкил этди. Турция статистика институти (TÜİK) маълумотларига қараганда, ҳисобот даврида ҳар бир сайёҳ суткасига ўртача 74 доллар сарфлаган.

Туркия Президенти маъмуриятининг ҳаракатлар дастурида 2022 йилда мамлакатга 32,3 миллион хорижлик сайёҳ келиши ва соҳадан келадиган даромад 30,4 млрд долларга етказилиши кўзда тутилган. Келгуси йилда ҳар бир сайёҳ Туркия ҳудудида камида 800 доллар сарфлаши ва 11 кеча қолишига эришиш мақсад қилинган.

Эътиборга молик жиҳати, маданият ва туризм вазирлиги 2023 йил – Туркия Республикасининг 100 йиллигида янада юксак мақсадларни кўзлаган.

Вазир Меҳмет Нури Эрсой эълон қилган туризм соҳасини ривожлантириш стратегиясига кўра, сайёҳлар сонини 75 миллионга қадар, даромадни эса 65 миллиард долларга қадар етказиш режалаштирилган. Бу борада комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган.

Туркия қадимги Рим, Юнон, Византия империялари, Усмонлилар давлати ва ислом тамаддунига дахлдор беназир осори атиқалар, бебаҳо меъморий обидалар ва бетакрор тарихий меросга эга давлат саналади. Мамлакатдаги ўнлаб объект ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Соҳилларини Ўртаер, Эгей, Мармар ва Қора денгизлари ювиб турган маъмур кентлар, табиати гўзал қасабалар ва инфраструктураси тараққий этган шаҳарлар жаҳон сайёҳларини ўзига ром этиб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, яқинда саёҳат йўналишидаги “Condé Nast Traveler” ҳамда “Travel and Leisure” журналлари Истанбул шаҳрини Европанинг биринчи рақамли шаҳри деб эълон қилган эди.

Истанбул икки қитъа – ҳам Европа, ҳам Осиёда жойлашган ягона шаҳардир. Кўп миллионли аҳолини ўз бағрига олган мегаполис мамлакатнинг иқтисодий-молиявий, маданий-маърифий пойтахти саналади. Кўҳна шаҳар 2010 йилда Европанинг маданий пойтахти мақомига ҳам сазовор бўлган.

C.Салим

Шу мавзудаги мақолалар:

Истанбул иккинчи бор Европанинг энг яхши шаҳри деб топилди. 06.10.2021

Тошкент ва Анқара туризм бўйича ҳамкорликни кенгайтирмоқда. 14.09.2017

Туркия сайёҳлик бўйича дунёнинг учинчи давлати бўлади…ми? 04.02.2017