Жорий йил 11-12 ноябрь кунлари Тошкентда “Ўзбекистон олий таълим муассасаларида электрон таълимнинг илғор хорижий тажрибаларини қўллаш истиқболлари” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ўтган тадбир мамлакат Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Erasmus+ миллий офиси томонидан ташкил этилди.
Сўнгги йилларда халқаро компьютер тармоғи тараққий этиши билан электрон таълимнинг (E-learning) аҳамияти ошиб бормоқда. Электрон таълим – ахборот-коммуникация технологияларига таянган билим олиш жараёнини англатувчи кенг тушунчадир. Мазкур усул таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, жамият маърифий даражасини кўтаришга хизмат қилади. Шу боис Ўзбекистон олий таълим тизимида ҳам электрон таълим усулларидан фойдаланиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Техник ёрдам дастурлари (ТАМ) доирасида уюштирилган семинарда ҳам айни шу масала муҳокама марказида бўлди. Тадбир давомида иштирокчиларга Европа олий таълим тизимида муваффақиятли қўлланилиб келаётган тажриба ва методлар, “Blended learning”, MOOC каби дастурларнинг афзаллиги хусусида сўз борди. Шу билан бирга, Ўзбекистон олий таълим муассасаларида мазкур тажрибадан фойдаланиш истиқболлари таҳлил этилди. Икки кунлик семинар давомида Erasmus+ дастури доирасидаги янги лойиҳалар ҳам муҳокама этилди.
Семинар якунида янги халқаро лойиҳаларда қатнашиш ва ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, Техник ёрдам дастурлари (ТАМ) олий таълим соҳаси бўйича экспертлар миллий гуруҳи (HEREs) фаолиятининг бир қисми бўлиб, у Барселона университети қошидаги Олий таълим соҳаси бўйича экспертларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш гуруҳи (SPHERE) ва Европа Университетлар ассоциациясидан (EUA) ташкил топган консорциум томонидан бошқарилади.
Шу мавзудаги мақола:
Юрий Штерк: “Европа Иттифоқи таълим бўйича ҳамкорликни ривожлантириш истагида”. 12.12.2015