Ўзбекистон давлат тарих музейида “Озарбойжон – Кавказ гавҳари” деб номланган павильон очилди. Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази ҳамда Республика Байналмилал маданият маркази ҳамкорлигида амалга оширилган лойиҳанинг тақдимотида фан, маданият, санъат намояндалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва Озарбойжон элчихонаси ҳамда Маданият маркази ходимлари қатнашди.
Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази раҳбари Самир Аббосов павильондан Озарбойжон давлатчилиги, тарихи, маданияти, табиати ва анъаналарига бағишланган экспонатлар ўрин олганини қайд этди. Таъкидланишича, мазкур кўргазма Озарбойжон ҳақида ҳар томонлама тўкис ахборот олишга хизмат қилади.
Ўзбекистон давлат тарих музейи директори, профессор Жаннат Исмоилова Ўзбекистон ва Озарбойжон қардош мамлакат экани, икки халқни муштарак тил, маданият ва эътиқод бирлаштириб туришини таъкидлади. “Озарбойжон – Кавказ гавҳари” павильони қардош мамлакат хусусидаги тасаввурларни янада бойитади, деди профессор Ж.Исмоилова.
“Озарбойжон – Кавказ гавҳари” павильонидан тарихий буюмлар, хариталар, гиламлар, миллий либослар, чолғулар ва бошқа ноёб экспонатлар ўрин олган. Масалан, павильонда намойиш этилган анъанавий озарбойжон қишлоқ уйи томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.
Ташкилотчилар хабарига кўра, “Озарбойжон – Кавказ гавҳари” павильони жорий йил 31 декабрга қадар фаолият юритади. Кўргазма якунида бир неча экспонат Ўзбекистон давлат тарих музейига тақдим этилади.