Туркиядаги “Ferfir” нашриёти ўзбек ёзувчиси Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “Kuytudaki kulübe” (“Этакдаги кулба”) китобини чоп этди.
Шараф Йилмаз муҳаррирлик қилган ушбу китобга муаллифнинг 11 (ўн бир) ҳикояси киритилган.
Истанбулда ўтказиладиган анъанавий CNR китоб кўргазмасида 2016 йил 12 март куни “Kuytudaki kulübe” китоби тақдимоти ва имзо куни бўлиб ўтди. Унда турк адабиёт ихлосмандлари, Туркияда таълим олаётган ватандош ёшлар, ўзбек тили ва адабиётини ўрганаётган маҳаллий ёш олимлар иштирок этишди.
Ушбу китоб тақдимоти тадбирлари доирасида 2016 йил 21 март куни Истанбул Фотиҳ Султон Меҳмет университети Турк тили ва адабиёти бўлимида “Навоий тили-ла” номида “Ўтмишдан бугунимизга қадар Ўзбекистон ва ўзбек адабиёти” мавзуида семинар бўлиб ўтди. Унда муаллиф Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон университет устозлари ва талабаларига ўзбек адабиётининг кечаси ва бугуни ҳақида ўзбек тилида сўзлаб берди.
Семинарда турк тили ва адабиёти бўлими ўқувчи-талабаларидан ташқари, шу бўлим мудири профессор-доктор Ниҳат Ўзтупроқ (Nihat Öztoprak), ўқитувчилар профессор-доктор Камол Ёвуз (Kemal Yavuz), профессор-доктор Фикрат Турон (Fikret Turan), доцент-доктор Ҳошим Эржон Ўзмен (Haşim Ercan Özmen), Анқарадаги Юнус Эмро Халқаро институти собиқ ректори, профессор-доктор Ҳаётий Девали (Hayati Develi), Гўзал санъатлар факултаси декани профессор-доктор Ҳусрав Сувбоши (Hüsrev Subaşı), Саудия Арабистонининг Маккаи мукаррама шаҳридан келиб Анқара университетида турк тили ва адабиётидан докторлик илмий иши қилаётган тадқиқотчи ватандошимиз (асли андижонлик) Ҳамидхон ва бошқа мўътабар меҳмонлар ҳам қатнашди.
Шу кунларда Бурса шаҳрида ўтказилаётган TÜYAP Китоб кўргазмасида ҳам 2016 йил 26 март куни “Kuytudaki kulübe” китобининг тақдимоти ва имзо куни бўлиб ўтади.