Ўзбек қорилари АҚШ ва Россияда таровиҳ намозларида хатми Қуръонни адо этмоқдалар

Бир неча йилдирки турли хорижий давлатларнинг Рамазон ойида мазкур муқаддас ой билан боғлиқ диний маросим ва ибодатларнини ўтказиб беришда амалий кўмак сифатида юртимиз қориларини сўраб мурожаат этишлари яхши анъанага айланди.

Ўтган йиллар давомида Америка Қўшма Штатлари, Россия Федерацияси ҳамда Украина давлатлари сўровига биноан қориларимиз мазкур давлатларда бўлиб, хатми Қуръон ва Рамазон ойидаги диний маросимларни ўтказишда ёрдам кўрсатиб қайтдилар, дея хабар беради Дин ишлари бўйича қўмита сайти.

 Бу йилги Рамазон ойида ўзбекистонлик Фаррух қори Худойбердиев АҚШнинг Нью-Жерси штати, Довер шаҳридаги ватандошларимиз билан рўзанинг беш куни мобайнида мазкур улуғ ойнинг фазилатлари, ота-онага меҳр ва уларга яхшилик қилиш, ҳалоллик, Ватан туйғуси, илм олиш, силаи-раҳм каби мавзуларда суҳбатлар ўтказиб, таровеҳ намозларида Қуръони каримни хатм қилмоқда.

Шу кунларда яна бир Қуръон хофизи Миродил қори Ҳайдаров ҳам Россия Федерациясининг Саратов вилоятидаги турли миллат вакилларидан иборат мусулмон қардошларимизга ўз ибодатларини амалга оширишда ёрдам бериб келмоқда.

Қориларимиз томонидан амалга оширилаётган таҳсинга сазовор мазкур савобли ишлардан илҳомланган Америкадаги Туркистонликлар жамияти раиси Абдулла Хўжа ва Россия Федерациясининг Саратов вилояти Бош муфтийси Муқаддас ҳазрат Бибарсовлар дунёга Имом Бухорий, Имом Термизий, Алишер Навоий ва бошқа жуда кўплаб мутафаккир олимларни берган ушбу муборак юрт авлодлари ҳали-ҳануз илм-маърифат, дин-диёнат зиёсини тарқатаётганликларини алоҳида мамнуният билан таъкидламоқдалар.