Абдужалол Раҳимов. Сенсан севарим… (ҳикоя)

Машинамда радио бор. Антеннасини созлаб қўйганман. Бир қўшиқни жуда кўп қўйишади. Унда шундай сўзлар бор:
 
Сенсан севарим, хоҳ инон, хоҳ инонма,
Қондур жигарим, хоҳ инон, хоҳ инонма…

Бу қўшиқ менга жуда ёқади. Юракни сел қилиб юборади ўзиям. Радиодаги бошловчи қиз эълон қилганида билиб олганман: шоир Лутфийнинг ғазали экан. Эҳ, аввалги шоирлар зўр ёзиб қўйган-да! Улар ҳақида адабиёт ўқитувчимиз Бакир ака кўп гапириб берардилар… ғўр бўлганмиз-да, берилиб ўқимаганмиз.
Ҳа майли, ҳозир гап бу ҳақда эмас. Гап шундаки, «Сенсан севарим»ни эшитсам мактаб йилларим эсга тушаверади. Ана-мана дегунча мактабни битирганимизга ҳам ўн йилдан ошибди. Бу орада ҳар ким ўз йўлидан кетди. Яхши ўқиганлар пўрим кийиниб, докторлик ёки муаллимлик қилиб юришибди. Бизнинг эса қўлимиз қорамой, юк мошинанинг рулини қавартириб юбордик… ёки тескариси.
 Бугун Бўзсув қишлоғига қум ташияпман. Қишлоқда қурилишлар авжида-да. Янги уйлар, савдо дўконлари, эҳ-ҳе, қарасанг бошинг айланадиган бинолар… лекин бошни айлантирадиган бошқа нарсалар ҳам бор. Биласизми?
Қишлоққа кираверишдаги янги тушган бекатдаги ҳолат бир нималарни эсимга солди. Аниқроғи радиодаги қўшиқ таъсир қилди. Бир йигит бекатнинг ёнбошида худди сеҳрланиб қолгандай бўлиб, орқа тарафга бурилиб қотиб қолган. У ёқда эса бир навниҳол, энди гулга кираётган олчадай бир қиз кетиб боряпти. Қўлида сумкаси. Илғашимча улар тенгдош, балки синфдошдир. Йигитча машинамнинг сигналига ҳам қарамади. Товба…
…Ўшанда биз мактабни битираётгандик. Апрель ойининг сўлим ҳаволари эсиб қолган. Баҳор юракларга бокиралик олиб киради. Бу кўклам биз учун айниқса муҳим эди. Яқинда ўқишлар тугайди, синфдошлар билан хайрлашамиз. Шунинг учун ғанимат кунларда бир-биримизнинг кўнглимизни зиғирчаям оғритмасликка ҳаракат қилардик. Охирги дарсга қўнғироқ чалинганида Набижон мени секин четга тортди:
— Эркин, нима қилсам бўлади? — деди у бироз фаромуш қиёфада.
— Нимани айтаяпсан? — ажабландим.
— Биласанку? — Набижон кўз остидан менга қаради.
— Сенга бир гап айтайми, хат ёз.
— Хат… қандай бераман? — деди Набижон. У қизариб-бўзариб бироз жим турди-да, ютиниб яна қўшиб қўйди: — Яқинда мактабни битирамиз. Кейин армонда қоламан.
— Мен бераман, — деб юбордим бехосдан.
Набижон дардини қизга айтишга юраги дов бермайди. Унинг бу «қўрқоқлиги»ни ҳам тушунардим. «Йўқ!» деса тамом-да, ахир! Худо кўрсатмасин, агар бу гап ёйилиб кетса… Умуман, синфимизда Малоҳатга ошиқу беқарор бўлган биргина Набижон эмас. Яна уч-тўрт йигит бу қизга ўзини яқин олишга ҳаракат қилиб юради. Малоҳат бўлса ҳеч кимга қиё боқмайди. Аълога ўқийди, ўзига ярашадиган кийим кияди. Жиддийлигига-ку гап йўқ! У билан ҳамма ўйлаб гаплашади.
Охирги дарсдан кейин Набижон иккаламиз пахта даласи томонга қараб кетдик. Бу даладан тутзор ёқалаб Малоҳатларнинг қишлоғига йўл ўтган. Қиз шу йўлдан уйига қайтади. Биз аввал тез-тез юриб синфдош болалардан ажралдик. Кейин бироз югурдик.
— Хатга нима деб ёздинг? — сўрадим Набижондан.
У менга қараб бир ўқрайди-да, яна тез-тез юриб кетаверди. Мен унга эргашдим. Ҳа майли, бунақа гаплар энг яқин дўстингга ҳам айтилмайди. Набижон бироз жим юргач: — Эркин, хатни сен берасан! — деди ишонч билан.
Биз тутзор ёқалаб тез-тез юриб боравердик. Йўлнинг қоқ ярмига келиб қолдик. Тезроқ бир қарорга келиш керак. Муаммо шундаки, Малоҳат жуда ориятли, димоғи баланд, тили аччиқ қиз. Тўғри сўзлиги учун муаллимлар ҳам ундан ҳайиқади. Очиғи, Ваҳоб тоғанинг боғига олма ўғирлашга киргандагидек, бўғинларим титраб кетяпти ҳозир. Ахир бу “Ҳе, отангнинг илиги санларни…” деб ортимиздан кесак улоқтириб қоладиган жайдари Ваҳоб тоға киму мактабнинг энг сулув санами Малоҳат ким? Малоҳат — Малоҳатда, жўралар. Юзимга хатни отиб урса нима қиламан. Мен ҳам ўзимга яраша бир каж бандаман. Бошга тушганни кўз кўрар. Қани…
Тутларнинг панасида туриб йўлга қарадик. Малоҳат биз томонга бурилди. У бепарво, тез-тез юриб келарди. Бу қизнинг юришини фақат озод кийикка ўхшатиш мумкин. Унинг пайдо бўлиши далага, тупроқ йўлларга жон киритиб юборди гўё.
— Хатни йўлига қўямиз, олади! — дедим Набижонга бирдан.
У топқирлигимдан лол қолди. Тўрт букланган хат устига Набижоннинг ўзи катта-катта ҳарфлар билан «СЕВГИ МАКТУБИ» деб ёзишга улгурди. Хатни Малоҳатнинг йўлига кўринадиган қилиб қўйдик-да, тутлар панасига яшириндик. Сершох тутларнинг ораси салқингина эди. Ям-яшил баргларнинг ўзига хос ҳиди хуш ёқади. Аммо мен бу пайтда бунга эътибор бермасдим. Ҳаяжондан терлаб-пишиб кетдим, юрагим безовта урарди. Мен-ку шунчалик ҳаяжонланяпман, ёнимда қимир этмай турган ошиқнинг аҳволи нима кечди экан?! Бизга ҳамиша паноҳ бўлган тутзор ушбу дақиқаларда ҳам иккаламизни Малоҳатнинг нигоҳидан яшириб турарди.
Малоҳат яқинлашиб қолди. Кўз ўнгимда тракторнинг изи тушиб қолган тупроқли йўл жимирлашиб кетди. Қиз хатни кўрди. Биз буни унинг кўз қарашларидан сездик. Лекин у қадам ташлашини ўзгартирмади. Ўша-ўша, бир текисда, ҳеч нарсага иккиланмасдан келаверди. Набижон йўғон тут дарахтини қучоқлаб олди. Мана, уч-тўрт қадам юрса мактубга етади. Аммо қиз тўхтамади, атрофга ҳам алангламади. Тўғриси, мен ана шундай бўлишини кутгандим. У бўлса, ҳаммасини олдиндан билгандек мактубга бир қарадию тутзор томонга… тепиб юборди!
Этим жимирлаб кетди. Аллақандай совуқ муз бутун баданимни ёқимсиз тирнаб ўтгандай бўлди. Биз нафас олишга ҳам чўчирдик. Малоҳат эса индамай, беғамлик билан, ҳеч нарса бўлмагандай ўз йўлида кетарди. Дўстимга қарасам, у ҳамон тутга суянганича йўлга термулиб турибди. Ранги оқариб кетган, пешонасида тер томчилари… Ҳозир унинг кўзларидан ёш оқади, деб ўйладим. Олдига бориб секингина туртдим:
— Кетдик, бўлмади…
 Йигитнинг кўнгли топталди. Унинг ўрнида ўзим бўлмаганимга худбинлик билан шукур ҳам қилдим. Набижон менга мўлтираб бир неча сония тикилиб турди-да, яраланган жонивордай шаҳд билан дала йўлига отилди. Худди биров олиб қўядигандай ҳовлиққанича йўл четида тупроққа қоришиб ётган мактубни икки қўллаб чангаллаб олди. Уни дарҳол шимининг чўнтагига солди. Мен Набижоннинг сўкиниши, ғазабланишини кутгандим. Асло ундай бўлмади. У қизариб-бўзарди-ю, ҳеч нарса демади. Бўлиб ўтган даҳшатли воқеага (бундан даҳшатли воқеа бўлмайди-да) муносабатини ҳам билолмадим. Иккаламиз индамай ортга қайтдик. Йўл бўйи бир оғиз ҳам гаплашмадик. Кейин ҳар ким ўз уйига кетди.
Бу ҳақда кейинчалик ҳам ҳеч кимга гапирмадик. Менга ўхшаган тўпорироқ йигит-ку бу воқеага кўп ҳам парво қилмасди. Набижон бўлса… у бошқача, жуда қийналди. Бир ой ичида озиб, чўп бўлиб кетди. Аммо дардини ҳеч кимга билдирмади. У ҳали ҳам Малоҳатни севарди. Ҳайрон қолганим Малоҳат шу воқеадан сўнг уч кун дарсга келмади. Келганида эса лабларида учуқнинг ўрни бор, юзлари синиққандек. Касал бўлибди-да деб ўйладим, аммо шу кундан бошлаб у мен билан мутлақо гаплашмай қўйди. Набижон билан эса аввалгидай гаплашиб кетди.
— Малоҳат хат сенданлигини билмагандир, — дедим бир куни. — Яна бир йўлини топ, эзилиб юраверасанми?
— Йўқ! — деди у таклифимни рад этиб. — Мактуб менданлигини биларди! Билмаса ҳам билар эди. Шунинг учун ҳам у зўр қиз-да. Мактубни очмай туриб ҳам, мендан эканлигини билмай ё билиб ҳам тепиб ўтолдими — у зўрда. Мени атайин қийнаш учун эмас, кўнглимдаги гапларнинг нақадар азизлигини билгани учун ҳам тепиб ўтолди. Мен хат ёзиш эмас, тутзор четидаги йўлдан унинг қаршисига учиб чиқишим ва ёлғиз бўлишим керак эди. Агар бошқаларга ўхшаган бўлганида қизиқиб бўлсаям хатни очиб ўқирди. Ва мен ҳам уни суймасдим, ошна. У мени яхши кўрмаса ҳам ҳурмат қилади, шу ҳурматини қоғозга ўраб ташладим. Мен одам эмасман! Қўрқоқман, қўрқоқ…
Мен Набижоннинг гапларидан лол эдим. Ичимдан бир нарса узилди, гўё. Тез орада битирув имтиҳонлари бошланди. Болалар ҳам, қизлар ҳам ўз ташвишлари, келажак режалари билан бўлиб кетишди. Биз, синфдошлар, бир-биримизга аввалгидан меҳрибонроқ, яқинроқ, самимийроқ эдик. Йўқ, шундай кўрсатардик ўзимизни. Мен Набижоннинг ўша гапларидан одам кўнглининг нозик бир қонунини кашф этдим: муҳаббат қўрқув ва ожиз умидни хушламас экан. Доим шундай бўларкан.
Мактабни битирганимиздан икки-уч ой ўтиб бир гап тарқалди ва мен Набижоннинг Малоҳатга бўлган покиза туйғуларини яна ачиниш билан эсга олдим. Эмишки, Малоҳат Бўзсув қишлоғилик деҳқон йигитни яхши кўриб қолибди, тез орада тўйлари бўлармиш.
Сентябрь охирларида Малоҳат синфдошларни тўйига айтди. Тўйга Набижон келмади. У Тошкентда, университет талабаси эди. Аввал айтганимдек, мен бир тўпори одамман, аммо бекатда кўрганим манзаранинг мазмунини тушунаман.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 5-сон