Рамазоннинг 20-кечаси Маккаи мукаррамадаги Масжидул Ҳарамда ўқилган таровиҳ намозининг дастлабки ўн ракатига асл миллати ўзбек бўлган Шайх Ҳасан бин Абдулҳамид Бухорий имомлик қилди. Шайх Бухорийга унинг шогирди, асли ўзбек Шайх Аҳмад Юнус Хўжа таблиғчилик қилди (таблиғ – ҳарамайнда имомдан сўнг такбирни такрорлаш).
Масжидул Ҳарам устози бўлган доктор Ҳасан Абдулҳамид Бухорий Маккадаги Уммул-Қурро Университети уламолари кенгашининг аъзосидир. У Уммул-Қурро Университетида шариат ва фиҳқдан таълим олган, 2008 йилдан шу олийгоҳнинг доктори. Доктор Бухорий “Иқтисодий бойкотнинг ҳуқуқий асослари” китоби муаллифи.
Тасдиқланмаган турли норасмий маълумотларга кўра, Саудия Арабистонида 300 000 дан 1 000 000 гача ўзбеклар истиқомат қилишади (уларни туркистонлилар, бухорийлар деб ҳам аташади). Улар асосан Макка, Мадина, Жидда ва Тоиф шаҳарларида ерлашишган.
Россия босқини, қатағонлар сабаб ўзбеклар Саудия Арабистонига ўтган асрнинг бошларидан кела бошлашган. Афғонистонга рус қўшинлар кириши оқибатида ҳам кўплаб ўзбек оилалари Саудия Арабистонидан бошпана топишган.